Ўзбекистонлик яна бир Олимпиада чемпиони 3 йилга четлатилди
Спорт
−
14 Ноябрь 14617 2 дақиқа
Халқаро тест агентлиги (ITA) ўзбекистонлик боксчи Лазизбек Мулложоновда тақиқланган модда аниқлангани сабабли спортчи 3 йил муддатга мусобақалардан четлаштирилганини расман маълум қилди. Қарор Бутунжаҳон бокс бўйича мустақил антидопинг дастури доирасида қабул қилинган. Бу ҳақда ITA матбуот хизмати хабар берди.
Мулложонов 2025 йил 11 июнь куни мусобақадан ташқари топширган намунада метастерон метаболитлари аниқлангач, у антидопинг қоидаларини бузган деб топилди. Метастерон Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) тақиқланган моддалар рўйхатининг S1.1 бўлимига кирувчи анаболик андрогеник стероид бўлиб, мушак массаси ва кучни оширувчи синтетик модда сифатида ҳар доим тақиқланган.
Спортчи айбловларга қарши чиқмаган. Антидопинг қоидаларининг 10.8.1-моддасига кўра, айбни муддатидан олдин тан олган спортчилар учун белгиланган 4 йиллик четлатиш муддати 1 йилга қисқартирилиши мумкин. Шунга мувофиқ, Мулложоновга 3 йиллик дисквалификация муддати белгиланган.
Дисквалификация 2025 йил 22 июлдан 2028 йил 21 июлгача амал қилади. Шунингдек, спортчининг 2025 йил 11 июндан 22 июлгача бўлган барча спорт натижалари бекор қилинади.
Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ва Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги белгиланган қарор юзасидан Спорт арбитраж судига (CАS) апелляция киритиш ҳуқуқига эга.
Маълумот учун, 26 ёшли Муллажонов бокс бўйича 2024 йил Париж Олимпиадасида -92 кг вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритган эди. У, шунингдек, Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионатининг бронза медалига ҳам эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ икки карра Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашидов 2025 йил 13 майдан бошлаб 2027 йилнинг 12 майигача икки йил муддатга мусобақалардан четлатилганди. Кейинроқ у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бунга муносабат билдириб, дисквалификация тақиқланган дори воситаларини қабул қилгани учун эмас, балки жойлашув бўйича қоидаларга риоя қилмагани учун берилганини билдирди.