Ўзбекистонлик операчи Италиянинг энг машҳур театри билан шартнома имзолади
Маданият-санъат
−
27 Июнь 15431 2 дақиқа
Италиянинг машҳур “La Skala” опера ва балет театри ўзбекистонлик опера хонандаси Ақлбек Пиязов билан 2025-2027 йиллар давомида фаолият юритиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
“La Skala” ҳар икки йилда истеъдодли хонандаларни саралаб, 2 йиллик иш шартномаси асосида жаҳон саҳнасида фаолият юритиш имконини беради. Пиязов ушбу танловда иштирок этиш учун 6 йил давомида тайёргарлик кўрганини айтиб, бу муваффақиятдан жуда ҳаяжонланганини билдирган.
Саралашда 800 нафар номзод орасидан Ўзбекистон, Италия, Япония, Жанубий Корея, Латвия, Қозоғистон, Чили ва Хитой вакиллари финал босқичига етиб келган. Улар орасидан атиги 12 нафар операчи танлаб олинган, улардан бири Ақлбек Пиязов саналади.
Бу муваффақиятни Ақлбекнинг акаси, Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов спорт юлдузларининг муваффақиятига қиёслаган.
“Бу айни пайтда спортдаги Элдор Шомуродов ёки Абдуқодир Ҳусанов каби жаҳон саҳнасига чиққан санъат вакилимиз. Фақат бу сафар бу маданиятда юз берди. Энди ўзбек операчиларига ҳам талаб ошади”, деган Женисбек Пиязов.
Маълумот учун, “La Skala” – Миландаги энг нуфузли опера театрлардан бири бўлиб, у ерда тарих давомида Верди, Пуссини, Паваротти, Тосканини каби афсонавий санъаткорлар фаолият юритган. Театр 1778 йилда ташкил этилган бўлиб, у дунё опера санъатининг марказларидан бири ҳисобланади.
Live
Барчаси