Ўзбекистонлик аёлни даҳшатли тарзда ўлдирган турк эрига умрбод қамоқ жазоси берилди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 23 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Боғчалиуйлар туманида яшаган ўзбекистонлик 40 яшар Умида Тўлаганова ўзи билан бирга яшаган 61 ёшли Риза Белер томонидан тош билан уриб ўлдирилгани ҳамда аёлнинг жасади бўлакларга бўлиниб, музлатгичга жойлангани маълум бўлганди. Ушбу даҳшатли жиноят иши бўйича бошланган суд мажлиси якунланиб, қотил “аёл кишини режа тузиб, қасддан ўлдириш” айблови билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзмоқда. 

Бакиркўй тумани 2-Оғир жиноятлар судида бўлиб ўтган суд мажлисида ҳибсдаги судланувчи Риза Белер ва унинг адвокати иштирок этган. 

Суд мажлисида давлат айбловчиси ўз фикрини мазмунан тушунтирган. Унинг қайд этишича, Риза Белер ва у билан 3 йил бирга яшаган марҳум Умида Тўлаганова ўртасида вақти-вақти билан жанжал келиб чиққан. Айблов хулосасида Белер Тўлагановани ўлдириш режасини тузиб, воқеа содир бўлган кундан 3 ой олдин уйга пиёдалар йўлагига ётқизиладиган “брусчатка” тошидан олиб келгани, воқеа содир бўлган куни судланувчи Умида Тўлаганова билан уйга бошқа эркакни киритгани сабабли жанжаллашгани, кейин аёлнинг боши, юз ва бўйин соҳаларига ўша тош билан уриб ўлдиргани айтилган.

Белер жабрланувчининг қўлларини бўғим жойидан кесиб, музлатгичга қўйган.

Прокурор Риза Белер аёлни қасддан ўлдиргани учун суддан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. 

Судда сўнгги сўзини айтган Белер, воқеадан чуқур афсусдалигини билдирган ва оқлашларини сўраган. 

Суд ҳайъати Риза Белерни “аёл кишини режа тузиб, қасддан ўлдириш” айблови билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Судланувчига берилган жазо яхши хулқ-атвор каби сабаблар билан қисқартирилиши тақиқланган.  

Эслатиб ўтамиз, дастлабки тергов маълумотларига кўра, воқеа жорий йилнинг 23 март куни эрталаб соат 05:30 да 4 қаватли турар-жой биносининг 3-қаватидаги хонадонда содир бўлган. Риза Белер узоқ вақт бирга яшаган Умида Тўлагановага банкдан 17 минг турк лираси (тақрибан 891 АҚШ доллари) кредит олганини айтган. Иккови ўртасида кредит қарзи ва олдинги қарзлар юзасидан келишмовчилик чиққан. Жанжалдан сўнг Риза Белер Тўлагановани тош билан ўлдириб, жасадини бўлаклаб ташлаган. Белер Умиданинг кесилган бўлакларини ахлат қопларига солиб, музлатгичга қўйган.

Эр-хотиннинг уйидан жанжал овозларини эшитган қўшнилар полицияга хабар берган. Чақириқ бўйича уйга келган полиция гуруҳлари ўлдирилган аёлнинг жасадини музлатгичдан топиб, гумондор Риза Белерни қўлга олган. Ҳолат бўйича бошланган тергов-суриштирув жараёнида маълум бўлишича, марҳума Тўлаганова гумонланувчи Риза Белер билан анча вақтдан бери келишолмай юрган. Шу сабаб Белер аёлни ўлдиришни режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг