Туркияда ўзбекистонлик аёлни бурдалаб ташлаган шахсга умрбод қамоқ жазоси сўраляпти

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 23 март куни Истанбулнинг Боғчалиуйлар туманида яшаган ўзбекистонлик 40 яшар Умида Тўлаганова ўзи билан бирга яшаган 61 ёшли Риза Белер томонидан тош билан ўлдирилгани ҳамда Тўлаганованинг жасадини бўлакларга бўлиб, музлатгичга жойлагани маълум бўлганди. Мазкур воқеадан кейин ҳибсга олинган Риза Белерга нисбаттан тергов ишлари бошланди. Бу ҳақда “Hurriyet” хабар берди.

Бу мудҳиш воқеа жорий йилнинг 23 март куни эрталаб соат 05:30 да 4 қаватли турар-жой биносининг 3-қаватидаги хонадонда содир бўлган. Риза Белер узоқ вақт бирга яшаган Умида Тўлагановага банкдан 17 минг турк лираси (тақрибан 891 АҚШ доллари) кредит олганини айтган. Иккови ўртасида кредит қарзи ва олдинги қарзлар юзасидан келишмовчилик чиққан. Жанжалдан сўнг Риза Белер Тўлагановани тош билан ўлдириб, жасадини бўлаклаб ташлаган. Белер Умиданинг кесилган бўлакларини ахлат қопларига солиб, музлатгичга қўйган.

Эр-хотиннинг уйидан жанжал овозларини эшитган қўшнилар полицияга хабар берган. Чақириқ бўйича уйга келган полиция гуруҳлари ўлдирилган аёлнинг жасадини музлатгичдан топиб, гумондор Риза Белерни қўлга олган. Ҳолат бўйича бошланган тергов-суриштирув жараёнида маълум бўлишича, марҳума Тўлаганова гумонланувчи Риза Белер билан анча вақтдан бери келишолмай юрган. Шу сабаб Белер аёлни ўлдиришни режалаштирган.

Маълум бўлишича, Тўлагановани тош билан ўлдиришни режалаштирган Белер, олдиндан уйига тош яшириб қўйган. У қўлга тушмаслик учун аёлнинг жасадини бўлакларга бўлиб, уни қопларга солган, вақти-вақти билан уларни ташқарига улоқтиришни режа қилган. Гумонланувчи полиция бўлимида ушбу жиноятни содир этганини тан олган.

“Мен уни ўлдириш учун тахминан 3 ой олдин уйга тош олиб келиб, балконга яшириб қўйган эдим. Ўша кунги суҳбатимиздан кейин у бориб ётди. Мен тошни олиб, унинг хонасига бордим. Дастлаб унинг бошига тош билан 5 марта урдим. У менга севишини, бундай қилмаслигимни илтимос қилди. Кейин уни бўғиб ўлдиришга ҳаракат қилдим ва бу жараён 45 дақиқа давом этди. Ҳамма жойга қон сачради. Рамазон ойида уни ўлдириб қўйганимдан афсусдаман”, дейди у.

Ҳозирда ҳибсга олинган Риза Белерга нисбатан тергов ишлари якунланган. Бакиркўй Бош прокуратураси томонидан тайёрланган айблов хулосасида кўра, унга аёл кишини даҳшатли қийноққа солиб ўлдириш жиноятини содир этгани учун оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосини бериш талаб қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ўзбекистонлик аёл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made