Ўзбекистонлик ҳакамлар мундиалда қатнашади
Спорт
−
09 Апрель 3576 2 дақиқа
Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси жорий йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бу ҳақда FIFA томонидан эълон қилинган мусобақа расмийлари рўйхатида келтирилган.
Унга кўра, АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида ўтадиган мундиалда Илгиз Танташев ёрдамчилари – Андрей Цапенко ҳамда Тимур Гайнуллин билан бирга ўйинларни бошқариб боради.
“FIFA Team One таркибига барча олтита конфедерация ва 50 та аъзо ассоциациядан келган 52 нафар ҳакам, 88 нафар ёрдамчи ҳакам ва 30 нафар видео-ўйин расмийлари (VAR) киритилган бўлиб, бу FIFA Жаҳон чемпионати тарихидаги энг кенг қамровли ҳакамлар жамоасидир. Тайинловлар FIFA’нинг кўп йиллик “биринчи навбатда сифат” тамойили асосида амалга оширилди, бунда номзодларнинг сўнгги йиллардаги FIFA турнирларида, шунингдек, халқаро ва ички мусобақаларда кўрсатган натижаларининг барқарорлиги ҳисобга олинди”, дейилади ташкилот хабарида.
Маълумот учун, бунгача ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов кетма-кет учта – 2010 (Жанубий Африка), 2014 (Бразилия) ва 2018 (Россия) йилги Жаҳон чемпионатларида иштирок этган. Бу ҳакамлар орасида рекорд натижа ҳисобланади.
Мундиал 11 июнда бошланади ва 19 июлда якунига этади. Турнирда илк бор 48 та жамоа иштирок этади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 нинг “К” гуруҳида Португалия, Колумбия Конго ДР жамоалари билан баҳс олиб боради.
Live
Барчаси