Ўзбекистонга киритилган хорижий сармоя 1,07 миллиард АҚШ долларига етган – Сафоев
Жамият
−
24 Август 2019
5572Хабарингиз бор, кеча, 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 21-ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи Мажлис бугун, 24 август куни давом этмоқда.
Маълумки, Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари ўлароқ иш бошлаган илк кунлардан давлатда инвестицион муҳитни яхшилаш, ички ва энг аввало ташқи сармоядоларга шароит яратиш, уларга эшикларни очиш масаласига эътибор қаратди. Инвестор билан ишлашни давлат идораларининг биринчи вазифасига айлантирди. Бироқ, вазиятни бирданига ўзгартириб юбориш осон иш эмас. Устига устак кўп йиллар Ўзбекистон инвесторларнинг ишончини оқламай келган. Сенат ялпи мажлисида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўзга чиқиб, Ўзбекистондаги инвестицион муҳитга тўхталди. Вазиятни хорижий тажриба билан таққослади.
“Сенатнинг аввалги ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган ишларни кўриб чиқиш чоғида биз асосий урғуни ижтимоий сиёсат масалаларига қаратган эдик. Бу гал биз эътиборингизни Ватанимиз тақдири учун стратегик аҳамиятга эга масала – ҳудудларга инвестицияларни жалб қилиш масалаларига қаратмоқчимиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, инвестиция – бу иқтисодиётнинг юраги.
Сармоя билан бирга тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик ривожланади, иш ўринлари яратилади, экспорт ортади.
Ушбу масалани тайёрлаш жараёнида Сенат аъзолари, турли соҳа экспертларидан иборат махсус ишчи гуруҳи вилоятларга сафарлари уюштирилди. Иқтисодиёт ва саноат, инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт университети билан биргаликда тўртта йирик халқаро анжуман ўтказилди. Мен шуни айтмоқчиманки, қарорда, маълумотларда берилган фикрлар – бу кабинетда ишлаб чиқилган назарий масала эмас. Бу бевосита мулоқот: халқ билан, ишбилармонлар билан, хорижий сармоядорлар билан мулоқот асосида яратилган ҳужжатдир.
Жаҳон Банкининг маълумотларига кўра, жорий йилда глобал ўсиш 2,06 фоизни ташкил қилиб, кутилган кўрсаткичдан 0,03 фоизга камроқ. Мутахассислар келгуси уч йилда ривожланган мамлакатларда инвестицияларнинг ўсиши секинлашади, деган хулосага келмоқдалар. Бу хулоса биз учун муҳим. Умуман олганда, ўтган йилда дунёда тўғридан-тўғри инвестициялар 19 фоизга тушди ва 1,02 триллион АҚШ долларини ташкил этди. Бежиз эмаски, бугунги кунда сармояларни жалб қилиш учун сайёрамизда аёвсиз рақобат кетмоқда. БМТнинг маълумотларига кўра, энг йирик ҳажмда инвестицияларни ташқарига йўналтирувчи, яъни экспорт қилувчи мамлакатлар 10 талигига Япония, Хитой, Буюк Британия, Германия, Гонконг, Канада, Сингапур, Франция, Испания киради. Энг кўп инвестиция қабул қиладиган ўнталикка эса АҚШ, Хитой, Гонконг, Сингапур, Буюк Британия, Бразилия, Голландия, Австралия, Ҳиндистон, Германия киради.
Эътибор қилинг, буларнинг барчаси иқтисодий ривожланган, бой, ишбилармонлик муҳити ва инсон капитали юқори бўлган давлатлар. Кимга инвестиция кириб келяпти? Мана шунга эътибор беришимиз ва ўзимизга хулоса қилишимиз керак”.
Содиқ Сафоев сўзида давом этар экан, Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан анча баландлигини қайд этди.
“Ички ва ташқи салбий омилларга қарамасдан макро иқтисодий кўрсаткичлар муттасил ўсиши таъминланмоқда. Реал ялпи ички маҳсулот йилнинг иккинчи ярмида қарийб 6 фоизга ўсди ва жаҳонда қайд этилган ўртача кўрсаткичлардан анча баландроқ. Бунинг замирида биринчи навбатда жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,06 баравар кўпроқ инвестиция ўзлаштирилгани, хорижий сармоялар 2,07 маротаба ошиб, 1,07 миллиард АҚШ долларига етганлиги, халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши 3,07 баравар ўсганлиги сабаб бўлмоқда. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг қарийб 75 фоизи айнан ҳудудий дастурларга тўғри келмоқда”, дейди Сафоев.
LiveБарчаси