Ўзбекистонга илк бор Индонезия вице-президенти келди (видео)
Жамият
−
13 Июнь 2023
8375Кеча, 12 июнь куни Индонезия вице-президенти Маъруф Амин Тошкентга келди Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Келтирилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг ўринбосари Баҳромжон Алоев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Индонезия делегацияси таркибидан юзга яқин вазирликлар, идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, тадбиркорлар ўрин олган. Беш кунлик ташриф давомида Индонезия делегацияси Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашув ҳамда музокаралар ўтказади, уларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Индонезия делегацияси Самарқандга ташриф буюриб, вилоят ва шаҳар раҳбарияти билан музокаралар ўтказади.
Маълумот учун, 2022 йил 6-11 сентябрь кунлари Индонезия парламенти Вакиллар палатаси спикери Пуан Маҳарани Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқ аъзолари спикер аёлларининг 14-саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган. Шунингдек, 13-16 ноябрь кунлари эса Индонезия парламенти Вакиллар палатаси спикери ўринбосари Р.Гобелнинг ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ЮНЕСКОнинг II Бутунжаҳон конференцияси ишида иштирок этиш учун мамлакатга келган.
Бундан ташқари, 2023 йил 6-7 июнь кунлари Индонезия туризм ва ижодий иқтисодиёт вазири Сандиага Салоҳуддин Унонинг ҳам Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилган.
LiveБарчаси