Ўзбекистонга чўчқа билан чатиштирилган қўйлар олиб келингани ростми?

Бу қизиқ

image

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда чўчқа билан қўйни чатиштиришгани, ундан чўчқага ҳам, қўйга ҳам ўхшайдиган ҳайвон кўпайтирилгани акс этган видео тарқалмоқда. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати муносабат билдириб, видеода айтилган гаплар асоссиз экани, унда “Белтекс” қўй зоти кўрсатилганини маълум қилди. 

“Ҳозирги кунда дунёда қўйларнинг 1000 дан ортиқ зоти мавжуд. “Белтекс” қўй тури ҳам худди мана шундай оддий қўй зоти. Бу қўйнинг чўчқага ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейилади Фатво ҳайъатининг Telegram-каналидаги баёнотида. 

Қайд этилишича, фаразан ушбу қўйлар бошқа ҳайвонлар билан чатиштирилган бўлса ҳам улардан туғилган қўзилар шаръан гўшти ҳалол ҳисобланади. Бу ҳақда фуқаҳолар шундай деган: 

“Чатиштирилган ҳайвонлар борасидаги умумий қоида шуки, онасининг зоти эътиборга олинади. Буни фуқаҳолар кўп ўринда очиқ айтганлар” (“Раддул муҳтор” китоби).

“Яна бир қоида, агарчи ҳайвоннинг отасининг гўшти ҳаром, онасиники эса ҳалол бўлсаю кўришида отасига ўхшаб кетса ҳам, бу эътиборга олинмайди. Балки унга онасининг ҳукми берилади. Бу ҳақда Дуррул мухтор китобида шундай дейилади:

“Ўхшашлик устун бўлишининг эътибори йўқдир”.

Қолаверса, ҳаром ва ҳалол гўштли ҳайвонлар чатиштирилганда онаси ҳалол гўштли бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Бу ҳақда “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилади:

“Ҳидоя ва бошқа китобларда  чатиштиришдан туғилган (онасининг гўшти ҳалол бўлган) ҳайвонни қурбонлик қилиш жоизлигини очиқ баён қилинган. Унда: “Хонаки ва ваҳший ҳайвондан туғилган ҳайвон ҳукмда онасига эргашади. Чунки (ҳайвонларда) ҳукмда онага эргашиш – асл қоидадир. Ҳатто (фаразан) бўри қўйни ҳомиладор қилса, туғилган қўзини қурбонлик қилиш жоиз”.

Шунингдек, биолог мутахассисларнинг таъкидлашича, бирор бир ҳайвон тури билан иккинчи бир бошқа ҳайвон турини чатиштириш билан оралиқ алоҳида бир тур олинмайди. Бу фан учун ҳам ниҳоятда қийин ва олинган тақдирда ҳам у насл бермайди. Генетиканинг фундаментал қонунлари бунга йўл бермайди”, дейили Фатво ҳайъати баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made