Ўзбекистондан РФга 10 та янги автобус қатнови йўлга қўйилади
Жамият
−
29 Ноябрь 2019
4254Жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистондан Россиянинг Москва, Самара, Санкт-Петербург, УФА каби 10 та шаҳрига мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Автотранспорт хизматини ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, “Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонасига банк томонидан 20 миллион доллар кредит маблағи ажратилган бўлиб, ушбу маблағ ҳисобидан корхонага Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co Ltd” компаниясидан 168 дона замонавий автобус ва эҳтиёт қисмлар олиб келинган.
“Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонаси томонидан келаси ой – декабрдан бошлаб Россиянинг 10 шаҳрига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Йўналишларга замонавий 168 та автобус қўйилган бўлиб, йўловчилар учун барча қулайлик мужассам.
Бу борада корхона томонидан хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, йўналишга чиқаётган ҳар бир автобус техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади, автобусларнинг санитар ҳолати мунтазам назорат қилинади. Қатнов жараёни эса GPS тизими орқали онлайн тарзда назорат қилиб борилади.