Ўзбекистондан Ироққа тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин
Жамият
−
07 Февраль 1105 3 дақиқа
Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда Ироқ Савдо вазири Атир Давуд ал-Ғурайри “Bagdad International Fair” халқаро кўргазмаси доирасида QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Бугун виза олиш жараёни соддалаштирилган – ариза топширишдан бошлаб атиги 6 соат ичида расмийлаштириш мумкин. Ироқ Савдо вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар Ўзбекистондан келадиган ҳар бир тадбиркор, инвестор ёки сайёҳни очиқ чеҳра билан кутиб олишга тайёр ва зарур ёрдамни кўрсатади”, дейди ал-Ғурайри.
Унинг айтишича, Ироқ бозорига киришда визалар, божхона ва логистика масалаларида жиддий муаммолар бўлмайди. Ушбу жараёнларни соддалаштириш ва юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этиш савдо қўмитаси орқали доимий назоратда бўлади. Мазкур қўмитани ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан илгари сурилган. Ўзбекистон маҳсулотларига нисбатан ҳеч қандай чеклов ёки камситиш бўлмайди – рақобат фақат сифат ва нарх асосида бўлади.
“Ўзбекистон Бош вазири билан бўлган учрашувимизда тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини ҳам муҳокама қилганмиз. Дастлаб савдо йўналишидаги рейслар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Ишончим комилки, келажакда Ўзбекистон ироқлик сайёҳлар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланади”, дейди Ироқ Савдо вазири.
Унинг билдиришича, Ўзбекистон товарлари Ироқ бозорида сифат ва нарх жиҳатидан кучли рақобат қила олади. Ироқ бозори жуда катта ва ҳанузгача импортга кучли эҳтиёж сезмоқда. Бугунги кунда мамлакатнинг хориждан импорт ҳажми 85 миллиард доллардан ошади.
“Ушбу импорт маҳсулотларининг айримлари, очиғини айтганда, ўзбек маҳсулотлари билан рақобатлаша олмайди. Муаммо шундаки, аввалроқ Ироқ ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан тўғри савдо ва логистика йўли мавжуд эмас эди. Аммо ҳозирги учрашувларимиз орқали бу масала ҳал этилиши ва савдо алоқаларига янги босқич очилиши кутилмоқда”, дейди вазир.
Ал-Ғурайрининг айтишича, Ироқнинг инвестиция тўғрисидаги қонунлари хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлайди ва кенг имтиёзлар тақдим этади.
“Ўзбекистондаги саноат тармоқларини шахсан кўрганман ва ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонда ривожланган кўплаб саноат йўналишлари Ироқда ҳам катта муваффақиятга эришиши мумкин, айниқса Бағдодда ва бошқа йирик ҳудудларда. Ўзбекистондаги бир қатор ишлаб чиқариш тармоқлари Ироқ бозорига кириб, жиддий рақобат муҳитини яратишга қодир. Шу сабабдан саноат зоналарини ва инвестиция ҳудудларини аниқ белгилаш муҳим, бу эса ҳамкорликни янада тизимли йўлга қўяди”, дейди у.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1-7 февраль кунлари Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида “Bagdad International Fair” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада жаҳоннинг 22 дан ортиқ давлатларидан 700 га яқин компаниялар иштирок этяпти. Мазкур халқаро тадбир савдо, қурилиш, энергетика, махсус техника, озиқ-овқат, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа тармоқларни қамраб олади. Унда “Made in Uzbekistan” ягона миллий бренди остида миллий маҳсулотлар ҳам намойиш этилмоқда ва Ўзбекистондан 200 нафардан ортиқ тадбиркорлар ва соҳа раҳбарлари борган.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль