Ўзбекистондаги Турон чўллари UNESCO рўйхатига киритилди
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
4522Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудида жойлашган Турон чўллари UNESCO’нинг Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган UNESCO Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
“Бу экотизим ўзининг ноёблигига қарамай, ҳалигача UNESCO’нинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилмаганди. Бундай номинациянинг уч давлат томонидан тайёрланиши минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди”, дейди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Қайд этилишича, бу объектни UNESCO рўйхатига қўшиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги "Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари ўзаро ҳамкорликда “Мўътадил минтақадаги Турон чўллари” трансчегаравий табиий объекти номзодномасини ишлаб чиққан.
“Ўзбекистон томонидан UNESCO маслаҳатлашув органи ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик, шунингдек, Умумжаҳон мероси қўмитаси аъзолари (21 давлат) билан олиб борилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ва сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар натижасида ижобий қарор қабул қилинди”, дейилади Экология вазирлиги баёнотида.
Эътиборли жиҳати шундаки, Турон чўллари UNESCO рўйхатидаги мўътадил чўллар тоифасига кирадиган биринчи объект ҳисобланади. Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм – Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ҳамда Жанубий Устюртдан иборат.
“Мўътадил минтақадаги Турон чўллари”нинг UNESCO рўйхатига киритилиши ҳудуднинг 1972 йилги Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси муҳофазасида бўлишини тақозо этади. Бундан ташқари, объектларни самарали бошқариш, улардаги флора ва фаунани сақлаш ва илгари суриш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш, татбиқ қилиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумот учун, “Мўътадил минтақадаги Турон чўллари” Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган Ўзбекистон қатнашган иккинчи объект ҳисобланади. 2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги “Ғарбий Тянь-Шань” объекти ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.