Ўзбекистондаги сайловларда ҳақиқий мухолифат бўлмади – ЕИ
Жамият
−
29 Октябрь
937327 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламентига сайловда сайловчиларнинг “ҳақиқий танлови қолмади”. Бу баҳо Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) томонидан кеча, 28 октябрь куни эълон қилинди.
“Европа Иттифоқи 27 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари якунлари бўйича ЕХҲТ Сайловларни кузатиш миссиясининг дастлабки баҳосини эътиборга олади. Уларнинг баҳолаши шуни кўрсатадики, сайлов тизими босқичма-босқич ривожланиб, сайловларга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, сиёсий муҳит сайловчиларга ҳақиқий танлов имкониятини бермай, чекланганлигича қолмоқда”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи ушбу сайловлар давомида қайта кўриб чиқилган қонунчилик базасида эришилган ютуқларни, хусусан, ногиронларнинг овоз беришини осонлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ва янги парламентдаги ўринларнинг камида 40 фоизини аёллар эгаллашини олқишлаган ва Ўзбекистон ҳукуматини ушбу сайловларда эришилган техник стандартлар билан табриклаган.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи давом этаётган камчиликларни, яъни фақат ҳукумат томонидан расман маъқулланган партиялар ўз номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлганлигини, бу эса мухолиф партияларнинг танловда қатнашмаслигига олиб келганлигини таъкидлаган.
“Европа Иттифоқи, шунингдек, ЕХҲТ томонидан сайлов кунида аниқланган қонунбузарликлар, ҳуқуқбузарликлар, процессуал ва техник муаммолар ҳамда жараённинг яхлитлигини шубҳа остига қўювчи ва шаффофликка путур етказувчи кафолатларга ҳурматсизлик билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланганини ҳам эътиборга олди. Европа Иттифоқи сайловларни ҳақиқатдан ҳам адолатли ва эркин деб таърифлашдан олдин Ўзбекистондаги демократик жараёнларга қўшимча сармоя киритиш зарур, деб ҳисоблайди. Бўлажак парламент сайловлари мустақил номзодлар учун очиқ бўлиши керак. Ислоҳотларни амалга ошириш мумкин бўлган барқарор муҳитни ўрнатиш учун мазмунли жамоатчилик муҳокамаси, шу жумладан мухолифат овозлари учун майдон яратиш ва ҳимоя қилиш жуда муҳим”, дейилади ЕИ баёнотида.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонни демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ушбу ва аввалги ЕХҲТ/ДИИҲБ Сайловларни кузатиш бўйича миссияларининг тавсияларини тўлиқ амалга оширишга содиқ қолишини билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда парламент сайловларида ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) ғолиб деб эълон қилинди. ЎзЛиДеП Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўринларидан 64 тасини, “Миллий тикланиш” – 29, “Адолат” – 21, ХДП – 20, “Экопартия” – 16 ўринни эгаллади. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда сайловчиларнинг 74,72 фоиз иштирок этган.
LiveБарчаси