Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик қуёш ФЭС ишга туширилди

Жамият

image

Самарқандда мамлакатдаги иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Нуробод туманида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси бугун, 24 май куни Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлаган.

Ушбу электр станция йилига 260 миллион кВт электр энергия ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Шунингдек, станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини 10 кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.

Қурилиш давомида 400 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритган бўлса, лойиҳа ишга тушиши натижасида 25 та янги иш ўрни яратилган.

Умумий қиймати 100 миллион долларга тенг мазкур лойиҳа Франциянинг “Total Eren” компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилган.

Мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланади. Айнан ушбу қувватдаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси ўтган йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган эди.

“2023 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуввати 220 МВт бўлган вилоятдаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади”, дейилади вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг