Ўзбекистонга ёпирилган чанг бўроннинг “спутник”дан олинган сурати эълон қилинди
Жамият
−
06 Ноябрь 2021
28767Кеча, 5 ноябрь куни куннинг биринчи ярмида сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар эълон қилинди. Унда чангли ғубор Ўзбекистон ва унга ёндош ҳудудларни қоплаб олганини кўриш мумкин.
Сунъий йўлдошдан олинган суратлардан чанг-ғубор ҳодисаси билан боғлиқ хиралик Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари, Тожикистоннинг қўшни Сўғд, Тошкент, Сирдарё, қисман Жиззах ҳамда Фарғона водийси вилоятлари атмосферасини булут мисол қоплаб олганини кўриш мумкин.
Сурхондарё вилояти осмонида ҳам бироз хиралик мавжуд эканлиги тасвирдан аён.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди.
Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.
“Ўзгидромет” кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.
LiveБарчаси