Ўзбекистондаги айрим датчиклар ҳаво сифати бўйича хато маълумот беряпти
Жамият
−
06 Декабрь 2025 3051 1 дақиқа
Ўзбекистонда нотўғри ўрнатилган датчиклар фуқароларга ҳаво сифати бўйича хато маълумотлар тақдим этаётгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Сўнгги кунларда тадбиркорлик субъектлари, корхоналар ва фуқаролар томонидан ўрнатилган атмосфера мониторинги датчиклари маълумотлари ҳамда “Ўзгидромет” томонидан ўрнатилган автоматик станциялар тақдим этаётган маълумотларда катта фарқ кузатилган.
Ходимлар атмосфера ҳавоси сифатини автоматик ўлчаш мобил станцияси билан юқорида келтирилган датчиклар ўрнатилган ҳудудларда маълумотларни таққослаб кўришган.
Бунинг натижасида аксарият датчиклар тегишли стандартлар ва йўриқнома талабларига мувофиқ ўрнатилмагани ҳамда кўрсаткичлар хатоликлар билан акс этаётгани маълум бўлган. Бу Республикада атмосфера ҳавоси сифатини ўлчашда, шунингдек, ҳаққоний маълумотларни фуқароларга етказишда муаммолар келтириб чиқарган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича датчик эгаларига тегишли тавсиялар берилаётгани билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қиладиган платформа ишга тушиши маълум қилинганди.
Live
Барчаси