Ўзбекистондаги ҳеч бир фуқаро совуқ ёки қоронғи уйда яшамаслиги керак! – Энергетика вазирлиги
Жамият
−
16 Ноябрь 2022
8857Ўзбекистондаги ҳеч қайси фуқаро совуқ ёки қоронғи уйда яшамаслиги керак. Аммо электр энергиясидаги узилишларнинг сабаби таъминотидаги электр тармоқларининг эскиргани ёки электр етказиб бериш қобилиятининг етарли эмаслигида эмас, балки электр станцияларимизда шу электр энергиясини ишлаб чиқаришимиз учун ёқилғи етишмаслигида. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган 90 % электр энергиясининг 85%и табиий газга тўғри келади. Бу эса табиий газни тежаб, бор газдан максимал даражада электр энергиясини ишлаб чиқариш кераклигини англатади.
“Охирги 5 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини биз 1,2 бараварга оширдик. Бу кўпми, камми деган савол туғилади. Энг жадал суратлар билан ривожланаётган мамлакатлардагина электр энергияси билан таъминлашда йиллик ўсиш суръати 7 %ни ташкил этади”, дейди вазир ўринбосари.
Шунингдек, у сўнгги йилларда вазирлик томонидан амалга оширилган ишларни санай кетди.
“2016 йилгача Ўзбекистонда бир дона замонавий буғ-газ қурилмаси қурилган. 2012 йилда Навоий иссиқлик станциясида 278 мегаваттлик буғ-газ қурилмаси ишга туширилган. 2016 йилдан буёғига, Навоийда, Толлимаржонда иккита, Тўрақўрғонда ҳам иккита иссиқлик электр станцияси қурилди, Тахиатош иссиқлик электр қурилмаси ишга тушди. Ва Тошкент иссиқлик электр станциясида битта шундай буғ-газ қурилмаси қурилди. Булар давлат томонидан киритилган инвестициялар ҳисобига қурилганлари”, дейди Хўжаев.
Унинг қайд этишича, Тошкент (3 та), Хоразм (1 та), Бухоро (1 та) ва Сирдарё (1 та) вилоятларида хусусий инвестиция маблағларига иссиқлик электр станциялари қурилган.
Шерзод Хўжаев, бундан ташқари, Толлимаржон ИЭСда яна 2 та, Навоий вилоятида 2 та, Сирдарё вилоятида 4 та ва Сурхондарё вилоятида буғ-газ қурилмаларини қуриш бўйича вазирликнинг лойиҳаларининг ишга тушиши бошланганини фахр билан айтар экан, журналистнинг бу қурилмалар оддий халқ ҳаётида кўриниш бермаётгани ҳақидаги гапига эътироз билдиролмади.
“Буни эртага мана шу лойиҳалар ишга тушганидан сўнг, ҳамма муаммолар ечилади, сабр қилиб туринглар, деган мақсадда айтаётганим йўқ. Лекин, бугунги кунда тежамкор ва самарадор ИЭСни қуриш учун камида 5 йил вақт кетяпти. Энг оғир ва биз учун қийин бўлган жиҳати нимадан иборат? 2019 йилдан бери, вазирлик ташкил этилганидан бошлаб, хусусий инвесторларни кўпроқ жалб қилиб, табиий газ билан кўпроқ электр-энергиясини ишлаб чиқаришга ўзимизнинг эътиборимизни қаратганмиз. Биз ўзимизни оқламоқчи эмасмиз. Инвесторлар кўп, лекин ҳаммаси қачон қуриб-битириб, ишга туширилишининг аниқ муддатини айтолмаяпти. Қўрқяпти. Вазият қандай ўзгаришини ҳеч ким билмаяпти”, дейди у.
Вазир ўринбосари ақлли ҳисоблагичлар сабаб юзага келган қулайликларни қўшимча қилди.
“Жорий этган ақлли ҳисоблагичлар деган тизимимиз бизга битта масалани ечишга ёрдам берди. Тўловни амалга оширган ва қарздор истеъмолчи таъминот нуқтаи назардан бир хил ҳуқуққа эга эди. Мана шу ерда биз адолатга эришдик. Яъни, тўловни амалга оширмаган истеъмолчи таъминотдан фойдалана олмайди. Биз электр энергиясини ишлаб чиқаргандан сўнг истеъмолчиларга етказиб беришдаги узилишларнинг сонини қарийб 3 бараварга қисқартирдик. Охирги беш йилда янги қурилган тармоқлар ва трансформаторлар йигирма беш йилда қурилганлар билан тенг эмас”, дея таъкидлади Шерзод Хўжаев.
LiveБарчаси