Ўзбекистонда “жума табриклари”ни тарқатиш тақиқланганига оид миш-мишларга муносабат билдирилди
Жамият
−
30 Май 2023
48571Ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, уламолар ва имом-домлаларнинг мавъизаларини тарқатиш мумкин эмас, деган мазмундаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради”, дейилади муносабатда.
Келтирилишича, 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.
“Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ”, дея таъкидланади муносабатда.
Урғуланишича, бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринмоқда. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда хоҳ жума табриги бўлсин, хоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик ва террористик контентлар рўйхати эълон қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь