Ўзбекистонда “ЗАГС”сиз никоҳ ўқиганларга жиноий жавобгарлик белгиланди
Жамият
−
01 Ноябрь 2023
14251Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 31 октябрь куни имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани ҳақида хабар берган эдик. Жиноят кодексига киритилган мазкур ўзгартириш билан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида расмийлаштирилмаган, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Унга кўра, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:
• базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 75 бараваридан 150 бараваригача (24 миллион 750 минг сўмдан 49 миллион 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:
• БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача (99 миллион сўмдан 198 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, фуқароларнинг устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилиш, худди шунингдек миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш:
• 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан ҳамда икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилган шахсга нисбатан жарима белгиланган эди.
LiveБарчаси