Ўзбекистонда йилига нечта одам ўз жонига қасд қилади

Жамият

image

Ўзбекистонда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш билан шуғулланадиган 165 та марказ фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир марказда психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий соҳа ва тиббиёт ходимлари жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар” мавзусида брифинг вақтида маълум қилинди.

Ҳозирга қадар ушбу марказларга 5 минг 468 нафар хотин-қиз мурожаат этгани қайд этилди.

Қўмита ИИВ билан ҳамкорликда жойларда хотин-қизлар ва ёшлар томонидан содир этилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини таҳлил қилиш мақсадида вазиятни жойларга чиққан ҳолда ўрганаётганини таъкидлади. Айтилишича, уйма-уй юриш давомида маҳаллалар кесимида нотинч оилалар, руҳиятида салбий ўзгариш бўлган фуқаролар аниқланиб, улар билан индивидуал ишлар ташкил қилинган.

“Ҳозирги вақтда ўз жонига қасд қилиш дунё миқёсида жамиятнинг глобал муаммосига айланиб қолди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 4-5 миллион нафар инсон ўз жонига қасд қилади. Европа мамлакатлари бу борад олдинги ўринларда”, деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова.

Таъкидланишича, суиқасднинг энг юқори кўрсаткичлари сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларда қайд этилмоқда. Масалан, ҳар 100 минг кишига — Литвада 68,1 та ҳолат, Беларусда 63, Россияда 58, АҚШда 52, Шри Ланкада 44, Украинада 40 та ҳолат тўғри келади.

“Ўзбекистонда эса ўз жонига қасд қилиш бўйича йилига ҳар 100 минг кишига 5,2 та ҳолат тўғри келмоқда. Лекин шу кўрсаткич ҳам биз учун кўп. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бу муаммога жиддий эътибор бериш, унинг олдини олиш чоралари бўйича топшириқлар беряптилар”, деди Боситхонова.

Қўмита раиси мазкур ҳолатларни глобаллашув даври билан изоҳлади, глобализациянинг аянчли таъсирлари Ўзбекистонга етиб келиши мумкинлигидан хавотир туйишини айтди.

“Ўзбекистонда 2019 йилнинг ўтган даврида эркаклар ва аёллар ўртасидаги суиқасд кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, эркаклар билан боғлиқ ҳолат 57,3 фоизни, аёллар билан боғлиқ ҳолат 42,7 фоизни ташкил этди. Яъни, Ўзбекистон аҳолиси 33 млн эканини инобатга олсак ва фоизлар кесимида чамаласак, мамлакатимизда 700 дан ортиқ эркак ҳамда 600 га яқин аёл суиқасд қилаётгани маълум бўлади”, деди Элмира Боситхонова.


Мақола муаллифи

Теглар

Хотин-қизлар қўмитаси суиқасд

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made