Ўзбекистонда ёшга доир пенсия фуқароларнинг мурожаатисиз тайинланиши мумкин
Жамият
−
08 Февраль
7671Ўзбекистонда ёшга доир пенсияни проактив шаклда, яъни жисмоний шахсларнинг мурожаатларисиз тайинлаш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, палатанинг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасида нафақаларни тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ ишларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга нафақаларни тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.
Яъни, пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар – 60 ёш, аёллар – 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсиясини уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ва бошқа маълумотларини вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида бир кун муддатда проактив шаклда тайинлаш тартибини жорий этиш белгиланмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, фуқаролар белгиланган пенсия ёшига тўлганидан сўнг пенсия тайинлашни сўраб яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига, Давлат хизматлари марказига ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхатдан ўтиб, сўровномани тўлдирган ҳолда мурожаат қилади.
Қонун лойиҳасида шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, аммо меҳнат фаолиятини давом эттириш истаги бўлганида проактив шаклда тайинланадиган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини ҳам жорий этиш назарда тутилмоқда.
Қонун ташаббускорларининг фикрича, белгиланаётган нормалар фуқароларга пенсия таъминоти бўйича кўрсатиладиган давлат хизматининг сифатини оширишга, ортиқча бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.
Билдирилишича, қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари муҳокамасига киритиш учун тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 25 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинганди. Қарорда амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида пенсия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлаш учун масъул ишчи гуруҳ ташкил этилиши белгиланган. Ишчи гуруҳ 2025 йил 1 мартга қадар давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиши ва киритиши зарур.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель