Ўзбекистонда яна “Ҳизб ут-Таҳрир” ғояларини тарғиб қилган шахслар ушланди
Жамият
−
28 Январь 2022
9977Жиззах вилоятида "Ҳизб ут-Таҳрир" экстремистик ташкилотининг ғояларини тарғиб қилиб келаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берган.
Қайд этилишича, Жиззах шаҳрида яшовчи 27 ёшли А.С. ва 33 ёшли Ф.Т. интернет орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган, шунингдек конституциявий тузумни зўрлик билан ағдариб, ўрнига халифалик бошқарувига асосланган давлат қуриш ғояларини тарғиб қилувчи материалларини ўзларининг яқин қариндошлари орасида тарқатиб келган.
Бундан ташқари, Х.А. исмли шахс ўтган йилнинг май ойида Telegram-гуруҳ очиб, 6 нафар яқин қариндоши ва ўртоқларини аъзо қилган ҳолда мунтазам равишда турли тақиқланган материалларни тарқатиб келган. Бунинг таъсирида, Т.Ф. исмли шахс ва гуруҳ аъзолари ташкилот ғояларини қўллаб-қувватлаб, айримлари шу материалларни интернетда тарқатган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Х.А. исмли шахс ҳам Facebook'да саҳифа очиб, "Ҳизб ут-Таҳрир"нинг бошқа давлатдаги аъзолари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг саҳифасидаги материалларни ўзининг яқин қариндошлари орасида тарқатиб келгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, алоқадор шахсларнинг барчасининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилган. Унга кўра, 7 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Х.А.га нисбатан 5 йил 3 ой муддатга, Т.Ф.га нисбатан эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, жиноятга алоқадор бошқа шахсларга нисбатан тергов якунланмагани сабабли алоҳида иш юритувига ажратилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Ўзбекистонда “Ҳизб ут-таҳрир” билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланган.
Хусусан, Самарқанд вилоятининг Иштихон, Оқдарё ва Ургут туманларида яшовчт “Ҳизб ут-Таҳрир” ва “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқимлари аъзолари фаолиятига чек қўйилган. Шунингдек, Андижон вилоятида “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг “Аёллар қаноти” гуруҳи аъзолари қўлга олинган.
LiveБарчаси