Ўзбекистонда уйсизларни бошпана билан таъминлаш тартиби белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистонда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни вақтинча бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига жойлаштириш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукуматнинг жорий йилнинг 18 августдаги “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказига жойлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш” тўғрисидаги 447-сон қарорида маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда маҳаллаларда ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар кўча, вокзал, бозор, ерости йўлаклари, яшаш учун мўлжалланмаган бинолар ва бошқа жамоат жойларида бошпанасиз шахсларни аниқлайди. Уларга вақтинча бошпана ва ижтимоий тикланиш маркази хизматларидан фойдаланиш таклиф этилади.

Вояга етган бошпанасиз шахс марказга жойлашиш учун бевосита мурожаат қилиши мумкин. Агар унинг вояга етмаган фарзандлари бўлса, улар ҳам у билан бирга марказга жойлаштирилади.

Марказга қабул қилинишдан аввал шахс туман ёки шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасасининг шошилинч қабул бўлимида тиббий кўрикдан ўтказилади. Унда марказга жойлашишга тўсқинлик қилувчи шошилинч тиббий ёрдамга эҳтиёж ёки юқумли касалликлар аниқланмаса, шахс марказга қабул қилинади.

Бошпанасиз шахс сўровномани тўлдириш орқали марказга жойлашишга ҳамда унинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга розилигини билдиради. Шундан сўнг, у 7 кунга марказга жойлаштирилади. Айрим белгиланган ҳолатларда эса марказда қолиш муддати 6 ойгача узайтирилиши мумкин.

Янги тартиб бошпанасиз шахсларни аниқлаш, уларга вақтинча бошпана бериш ва зарур ижтимоий хизматларни кўрсатиш механизмини белгилайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг