Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қарийб 4 млн сўмга етди – Статистика агентлиги
Жамият
−
28 Январь 2023
10057Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги 2022 йилда ўртача иш ҳақи 2021 йилга нисбатан 21,1 фоизга ошиб, 3,8 млн сўмни ташкил этганини айтмоқда. Бу ҳақда агентлик 2022 йил январь-декабрь ойлари учун тайёрлаган ҳисоботида маълум қилган.
Унга кўра, республика бўйича ҳудудлар кесимидаги энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрига тўғри келиб, пойтахтда ўртачи иш ҳақи 6 млн 300 минг сўмга тенг.
Яна бир юқори кўрсаткич эса Навоий вилоятларига тўғри келади – 5,1 млн сўм.
Шунингдек, Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 3 мнл 946 минг сўмга, Андижон вилоятида 3 млн 381 минг сўмга ҳамда Бухорода 3 млн 310 минг сўм, Қорақалпоғистонда 3 млн 246 минг сўм, Сирдарёда 3 млн 221 мингга тенглиги кўрсатилган.
Статистика агентлигининг маълум қилишича, республикадаги энг кам иш ҳақи Фарғона вилоятида қайд этилган бўлиб, вилоятдаги ўзтача ойлик маош миқдори 2,9 млн сўмга тенг.
Ўзбекистонда энг юқори маошни банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 10 817,1 минг сўмни ташкил этди. Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳаси 7 556,4 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳаси 5 079,8 минг сўмни ва саноат соҳаси 4 920,0 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил қилади.
Энг паст кўрсаткич эса таълим соҳасига тўғри келиб, 2 млн 700 минг сўмни ташкил қилади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳаларида ҳам ойлик иш ҳақи паст бўлиб, бу кўрсаткич 2 млн 611 минг сўм эканлиги қайд этилган.