Ўзбекистонда UNWTO офиси очилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Халқаро академияси ва мавзули офиси ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили учрашувида маълум қилинди.

Айтилишича, суҳбат давомида БМТ тизимидаги ушбу етакчи соҳавий ташкилот билан Ўзбекистонда замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва мамлакатда туризм йўналишларини оммалаштириш борасида кенг кўламли ҳамкорликни янада илгари суриш масалалари муҳокама қилинган.

Суҳбат аввалида Бош котиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари ва институтлари номидан Мирзиёевни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаган, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилаган.

Туризм тармоғининг жорий йилдаги бош халқаро тадбири – октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлажак UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда замонавий ва қулай туризм инфратузилмасини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга етакчи инвесторлар – таниқли хорижий компания ва брендларни жалб қилиш масаласида амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, мамлакатда халқаро имижни илгари суриш, таълим соҳаси ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида қўшма чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилиши маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон UNWTO

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг