Ўзбекистонда ўн асрлик ёдгорлик бузилиб, ўрнига уй қурилди
Жамият
−
15 Август 2022
14800Қашқадарё вилоятида жойлашган Х-ХII асрларга оид “Чордангитепа” археология ёдгорлигининг бир қисми бузиб ташланиб, ўрнига ўзбошимчалик билан уй-жой қурилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Яккабоғ туманида жойлашган Х-ХII асрларга оид “Чордангитепа” археология ёдгорлигининг бир қисми фуқаро М.Ф. томонидан бузиб ташланиб, ўрнида уй-жой қуриб юборилган. Бу иш орқали давлат манфаатларига 315 млн сўмлик зарар етказилган.
Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги VI-VII асрларга оид “Номсизтепа” археология ёдгорлиги бир қисми номаълум шахслар томонидан бузиб ташланган. Оқибатда, давлат манфаатларига 1,5 млрд сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Текшириш натижаларига кўра, жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Наманган вилоятида ўрта асрларга оид “Ўрдатепа” археологик ёдгорлиги бузиб ташланиб, ўрнига ўзбошимчалик билан уй-жой қурилгани аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.