Ўзбекистонда туризм қўмитаси қайта ташкил этилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 20 ноябрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Туризм қўмитаси собиқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси негизида Туризм қўмитаси ташкил этилди. У ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича аввалги Қўмитанинг вориси ҳисобланади.

Президент қарори билан қуйидагилар 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

•    Туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш;

•    чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 млн нафардан 20 млн нафаргача етказиш, шу жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар оқимини кўпайтириш;

•    туризм хизматлари йиллик экспорти ҳажмини 6 млрд АҚШ долларидан ошириш;

•    Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда йўлга сарфланадиган вақтни камида 3 бараварга қисқартириш;

•    4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш;

•    туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификация қилиш орқали республиканинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;

•    жаҳонда кенг таниладиган Ўзбекистоннинг туристик брендини яратиш ва миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш учун янги инструментларни жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси туризм соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Қўмита ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.

Қўмита раиси:

•    Белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

•    Қўмита ва унинг тизимидаги ташкилотлар ишини тўғри ва самарали ташкил этиш, бу орқали уларнинг фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, ушбу йўналишда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз ва тўлақонли эришишни таъминлаш учун масъул ҳамда шахсан жавобгар ҳисобланади;

•    Қўмита Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича вориси ҳисобланади.

Миллий туристик маҳсулотларни жаҳонда оммалаштириш мақсадида:

•    Қўмита раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари лавозими киритилади;

•    Қўмитанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари ташкил этилади;

•    ваколатхоналар ўзи фаолият юритадиган давлатларда вазифаларни бажариши белгиланади;

•    Қўмита раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари “Миллий PR-маркази” давлат муассасаси ва ваколатхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда миллий туристик маҳсулотларнинг самарали маркетинги учун шахсан масъул ва жавобгар этиб белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 19 ноябрь куни имзолаган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

туризм Туризм қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг