Ўзбекистонда туғилиш камайиб, ўлим сони ошди
Жамият
−
25 Октябрь
12774Ўзбекистонда сўнгги 9 ойда туғилиш камайиб, вафот этганлар сони ошди. Бу ҳақда Статистика агентлигининг Ўзбекистоннинг демографик кўрсаткичларига доир ҳисоботида эълон қилди.
Унга кўра, 2024 йилнинг 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 млн 355,4 минг нафарга етган. Умумий аҳолининг 50,4 фоизини эркаклар, 49,6 фоизини эса аёллар ташкил қилмоқда. 9 ойда 179,4 минг никоҳ тузилган бўлса, 34 мингта ажрашиш қайд этилган. 193,5 минг киши Ўзбекистондан четга кўчиб кетган, 186,6 минг киши кўчиб келган.
Ҳисоботга кўра, ҳорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 693,9 мимг нафар чақалоқ дунёга келган ва бу 2023 йилга нисбатан 3,2 фоизга кам. Туғилганларнинг 360 минг нафари ўғил болалар, 333,9 минг нафари қизлар. Уларнинг 49,5 фоизи, яъни 343,4 минг нафари шаҳарларда дунёга келган бўлса, 350,5 минг нафари қишлоқларда туғилган. Туғилганлар сонининг энг кўп улуши Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келган.
Қайд этилишича, 2024 йил январь-сентябрь ойларида вафот этганлар сони 131,7 минг кишини ташкил этган. 2023 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 129,7 минг киши бўлган. Жорий статистикага кўра, вафот этганлардан 72,3 минг нафари эркаклар, 59,4 нафари эса аёллар. Уларнинг сони шаҳар жойларида 74,5 минг кишини, қишлоқ жойларида 57,2 минг кишини ташкил қилган.
Ўлимнинг асосий сабаблари сифатида қон айланиш тизими касалликлари (57,2 фоиз), ўсимталар (9,5 фоиз), нафас олиш аъзолари касалликлари (6,5 фоиз) ва бахтсиз ҳодисалар (5,8 фоиз) кўрсатилган. Вафот этганлар сонининг энг кўп улуши Самарқанд ва Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келади.