Ўзбекистонда “темир дафтар” юритиш тизими йўлга қўйилди
Жамият
−
03 Июнь 2020
24657Ўзбекистонда пандемия даврида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш учун “темир дафтарлар” шакллантирилган ва бугунги кунга қадар 540 минг муҳтож оилага 307 миллиард сўмлик кўмак берилган. Хусусан, Самарқандда – 79 мингта, Фарғонада – 67 мингта, Қашқадарёда – 57 мингта, Тошкент вилоятида – 50 мингта муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилган.Бу ҳақда бугун, 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
“Пандемия шароитида энг қудратли давлатларда ҳам энг катта муаммо бу – аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўлиб қолмоқда. Биз йил бошида ушбу масалаларни ислоҳотларимизнинг устувор йўналиши сифатида белгилаганимиздан халқимиз яхши хабардор.
Айтиш жоизки, пандемия оқибатида мамлакатимизда ишсизлар сони кўпайди. Шу билан бирга, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкин”, дейди Президент.
Йиғилишда қайд этилишича, бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, вилоят ҳокимлари ва секторлар раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилган.
“Ҳар бир сектор раҳбари бир нарсани тушуниши керак. “Темир дафтар”да умумий кўрсаткичлар эмас, балки ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси ва унинг ечимлари номма-ном акс этиши керак.
Асосий мақсадимиз, “темир дафтар”га тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини жорий йилда иш билан таъминлаб, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқариш ҳисобланади.
Бу борада, “Андижон тажрибаси”ни бошладик. Туманда сектор раҳбарларига иқтисодий, инвестиция ва ижтимоий комплекс ходимлари ҳам бириктириб берилди.
Энди, бу тажрибани бутун республикада кенг жорий этиш зарур. Лекин, ҳамма жойда аҳвол бирдек ташкил этилмаяпти, сектор раҳбарлари ҳам вазиятга тўғри баҳо бермаяпти. Ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар барча эҳтиёжмандларга тўлиқ етиб бормаяпти”, дейди Президент.
Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, Ангрен шаҳридаги солиқ идораси раҳбари секторида 60 та эҳтиёжманд оилага кўмак берилди, деб сохта маълумот тақдим этиб келган.
“Ушбу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки чин кўнгилдан халқни рози қилиш учун ишлаш керак”, дейди Мирзиёев.
Йиғилишда ҳар бир вилоятдан биттадан туман (шаҳар) ҳокими сектор раҳбарлари билан бирга “темир дафтар”ни тўғри юритиш, камбағалликни қисқартириш бўйича ҳисобот берди.