Ўзбекистонда такси нархлари ошгани юзасидан ўрганиш бошланди
Жамият
−
19:17 4850 2 дақиқа
Ўзбекистонда такси агрегаторларининг хизмат нархлари ва инсофсиз рақобатни амалга ошириши аломатлари бўйича ўрганишлар бошланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда йирик такси агрегаторлари фаолиятида кузатилаётган техник носозликлар оқибатида бошқа рақобатчи бўлган агрегаторларда ҳам такси хизмати нархлари тиғиз вақтларда бир неча баробаргача қимматлашгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан такси агрегаторларининг хизмат нархлари ва инсофсиз рақобатни амалга ошириши аломатлари бўйича ўрганишлар бошланган.
Ўрганиш давомида такси хизматлари нархларининг оширилиши асослилиги ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан такси агрегаторларидан:
- дастурда такси хизматлари нархларини шакллантирувчи алгоритм созламаларини қайта кўриб чиқиш ва нархлар кескин ва сунъий тарзда ошишининг олдини олиш;
- ҳайдовчиларнинг маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишда вужудга келган носозликларни бартараф этиш;
- асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш чораларини кўриш;
- ҳайдовчилар томонидан бажарилган буюртмалар учун тўлаб берилиши кўзда тутилган барча бонусларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, тўлаб бериш;
- “Рақобат тўғрисидаги” Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга оширмаслик;
- ҳайдовчилар ва истеъмолчилар учун 24 соат ишлайдиган техник ёрдам кўрсатиш марказларини узлуксиз фаолиятини таъминлаш.
Билдирилишича, рақобат муҳитидаги ҳар қандай ҳаракат истеъмолчилар манфаатларига зид бўлмаслиги, хизматлар нархи ва сифати эса адолатли ҳамда шаффоф тамойилларга асосланиши лозим.
“Қўмита агрегаторлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилганлиги аниқланган тақдирда, ўрнатилган тартибда текшириш ўтказилиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилишини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда айрим мобил алоқа операторлари тариф нархларини оширишни режалаштираётгани ортидан Рақобат қўмитаси ушбу қарорларнинг асослилигини ўрганишни бошлаган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь