Ўзбекистонда сув таъминоти корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтди
Жамият
−
23 Март 2020
4061Бугун, 23 март куни Уй-жой коммунал хизмат хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров иштирокида онлайн брифинг бўлиб ўтди. Вазир ўринбосари карантин даврида аҳолига тоза ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш масаласига тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан жорий этилган карантин шароитида Уй-жой коммунал хизмат хизмат кўрсатиш вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари барқарор фаолият юритмоқда. Ўрнатилган талаб ва меъёрларга амал қилган ҳолда аҳолига коммунал хизматларни кўрсатиш, ичимлик суви ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда”, деди Назиржон Назиров.
Таъкидланишича, сув таъминоти корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтказилган. Республикадаги 45 та сув тозалаш, 10 570 та сув олиш, 477 та гуруҳли сув олиш, мингдан ортиқ сув тақсимлаш иншоотида ичимлик суви хлор ёки ультрабинафша нурлари билан зарарсизлантирилмоқда.
“Ичимлик суви аҳолига гигиеник талабларга мос равишда етказиб берилмоқда. Республика бўйича ичимлик суви намуналари олинадиган 196 000 та назорат шохобчаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, 48 та кузатув лабораторияси ишламоқда”, деди вазир ўринбосари.
Маълумотларга кўра, ичимлик ва оқава сувларини зарарсизлантириш учун 170 тоннадан ортиқ суюқ хлор ва гипохлорид жамланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 46 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь