СOVID-19'нинг янги штамми тарқалмоқда. Бу Ўзбекистон учун қанчалик хавфли?
Саломатлик
−
19 Сентябрь
19354Шу кунларда халқаро ва маҳаллий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб СOVID-19’нинг XEC номли янги штамми тарқалаётгани, у келгуси ойларда доминант вариантга айланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда. Ўзбекистонда эса ҳозир XEC штамми қайд этилгани йўқ. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Халқаро экспертлар хулосасига кўра, СOVID-19’нинг XEC версияси “омикрон” штаммининг KS.1.1 ҳамда KP.3.3 вариантлари комбинацияси сифатида пайдо бўлган ва илк бор шу йил 15 июнда Германияда аниқланган. Ҳозиргача у 27 мамлакатда рўйхатга олинди. Маълумки, бугунги кунда дунё бўйлаб “омикрон” штаммининг 10 та версияси “айланиб юрибди”. Мутахассислар келаётган қиш мавсумида XEC версияси доминант, яъни энг кўп қайд этиладиган вариант бўлишини прогноз қилмоқда”, дейди Отабеков.
Билдирилишича, бу касаллик енгил ва асоратсиз, аниқроғи ЎРВИ ва гриппга хос белгилар билан кечмоқда. Фақат айрим фарқли аломатлари бор. Енгил нафас қисиши, давомли йўтал, таъм ва ҳид билиш қобилияти қисман йўқолиши, ҳолсизлик каби симптомлар шулар жумласидан.
Қайд этилишича, коронавирусга қарши қўлланиб келинаётган вакциналар ҳозирда аниқланаётган барча штаммлар, хусусан, XEC мутациясига нисбатан ҳам самара беради ва янги эмлаш воситасини ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ. Қолаверса, халқаро тиббий амалиётда XEC штаммини юқтирган беморлар асосан бир-икки ҳафтада тўлиқ тузалиб кетиши кузатилмоқда. Амалдаги даволаш протоколлари, муолажа усуллари кутилганидек натижа беряпти.
Ҳозир Ўзбекистонда XEC штамми қайд этилгани йўқ. Ўз навбатида, СOVID-19га қарши етарли вакциналар захираси мавжуд. Шу боис мамлакатда катта миқёсдаги эпидемия ва пандемиялар кузатилиши эҳтимолдан йироқ. Негаки, аҳолида мавжуд бўлган жамоавий иммунитет мазкур касаллик қўзғатувчисини мамлакат ҳудудига кириб келиб, жуда кенг кўламда тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.
Айни кунгача жаҳонда SARS-CoV-2 нинг салкам 40 мингта мутацияси қайд этилган. Ўтган даврда улардан фақат 20 га яқини касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас.
LiveБарчаси