Ўзбекистонда солиқ тўловчилар 3 турга ажратилади – Жумагелдиев
Жамият
−
14 Декабрь 2019
5247Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик.
Янги Солиқ кодексига кўра, Ўзбекистонда солиқ тўловчиларни 3 сегментга бўлиб, солиқ ундириш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Муҳамат Жумагелдиев Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси юзасидан сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Сенаторнинг таъкидлашича, кодексда солиқ тўловчилар ва солиқ агенти зиммасидаги барча мажбуриятлар, уларни бажариш, хусусан солиқлар ва йиғимларни тўлаш, тўлов топшириқномаларининг банклар томонидан ижро этилиши каби қатор вазифалар назарда тутилмоқда.
“Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларни 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, “виждонли”, “шубҳали” ва “мунтазам ҳуқуқбузарлар”га ажратган ҳолда улар билан фаолият ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.
Солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш, солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга берилмоқда.
Шунингдек, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган ҳолларда солиқ тўловчига қайтарилиши ёки келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозимлиги ҳам белгиланган.
Кодекснинг янги таҳририда ортиқча тўловини қайтариб бериш муддатидан ўтган ҳар бир кун учун солиқ хизмати органларининг пеня тўлаши ҳам кўзда тутилмоқда.
Солиқ мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида кодексда мол-мулк гарови, кафиллик, банк кафолати, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, мол-мулкни хатлаш каби ҳаракатлар меъёрлари белгиланган.
Солиқ назорати кодексда, ваколатли органларнинг солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилишга доир фаолият деб белгиланмоқда.
Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидаларда амалда бўлган солиқ қарзини дебитор қарздорлик ҳисобидан ундириш тартибидан воз кечилмоқда.
Шу билан бирга,солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки бошқа шахсларнинг жавобгарлиги ҳам белгиланиб ғайриқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги солиққа оид ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланиши қайд этилган.
Унда жавобгарликка тортишнинг умумий шартлари, содир этилган ҳуқуқбузарлик бўйича айбдорлик шакллари, айбни истисно қилувчи ҳолатлар, қўлланиладиган молиявий санкциялар каби жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Кодексда солиқ органларининг ҳужжатлари ва мансабдор шахслари ҳаракати устидан шикоят бериш, уни кўриб чиқиш қоидалари ҳам белгиланган", дейди сенатор Муҳамат Жумагелдиев.