Ўзбекистонда сиам эгизаклари туғилишида ким айбдор?

Интервью

Жорий йилнинг 29 июнида Самарқандда икки бошли чақалоқ дунёга келганлиги ҳақида хабар берган эдик. Чақалоқ 6 июль куни қилинган муолажаларга қарамай, вафот этди.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён репродуктив саломатлик, оналик ва болалик муҳофаза ҳақида бонг урилади. Шунга қарамай, ногиронлиги мавжуд, носоғлом болалар туғилишига сабаб нима? Нега Самарқандда сиам эгизакларининг туғилиши олди олинмади? Бунга ким айбдор? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага юзланди. 

 “Сиам эгизаклари бўйича мен таҳлил қилдим, чақалоқ туғилмасиданоқ ҳолат скринингда аниқланган. Аёлнинг ўзига ва оила аъзоларига бу ҳақда айтилган. Аслида қонун бўйича бундай патология аниқланганда, ҳомилани тўхтатиш зарур. Чунки, бу онанинг ва боланинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолат ҳисобланади. Бу ҳолатда аёл ва оила аъзолари бунга рози бўлмаган. Бола дунёга келган”, дейди Элмира Боситхонова. 

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, аввал бошдан носоғлом чақалоқнинг аборт қилинишига қарши чиққан ота-она ва унинг яқинлари, чақалоқ бу ҳолда дунёга келганидан кейин ундан воз кечишган. 

“Тана бир, бош иккита ҳолатда  бўлган сиам эгизакларининг яшаб кетиш эҳтимоли дунё тажрибасида жуда паст. Бола оламдан ўтди, буни алоҳида айтишимиз керак чақалоқ вафот этмасдан олдин ота-она фарзанддан воз кечишди. Бу вазиятда шундай хулоса қилдим, скрининг марказида суҳбатни фақат шифокорга қолдирмасдан, балки мен куни кеча ишлаган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимлари, маҳалла аҳли, кайвонилар ҳам аёлнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиши керак. Агар бу тўғри тушунтирилса, бола ҳали ривожланмаганида, эмбрион давридаёқ  тўхтатиш мумкин. Оила яна бошқа соғлом фарзандлар дунёга келтириш имконияти бўлиши кераклигини тушунтиришда биз ўз ҳаракатларимизни аниқ белгилаб олишимиз керак”, дейди Боситхонова. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сиам эгизаклари

Баҳолаганлар

2071

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг