Ўзбекистонда СИ хизматлари ҳажми 1,5 млрд долларга етказилади

Жамият

image

Ўзбекистонда сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 7 август куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган мамлакатда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринга кўтарилган. 2030 йилга қадар мамлакатни мазкур рейтингда дунёдаги энг илғор 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган.

Шунингдек, сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари соҳадаги технологиялар шиддат билан ўзгараётганини таъкидлаб, жаҳон ва минтақадаги тенденцияларни мунтазам таҳлил қилиш, илғор ишланмаларни тезкор ўзлаштириш ва янги ташаббусларни илгари суриш зарурлигини қайд этган.

Аввало, тақдимотда замонавий ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Ўтган ойда “Рақамли ҳукумат” дата-марказида АҚШнинг NVIDIA технологиялари асосидаги суперкомпьютер ишга туширилган. У қуввати бўйича жаҳон рейтингида 321-ўринни эгаллайди. Бир ой ичида кластер юкламасининг 90 фоизга етгани мамлакатда ҳисоблаш қувватларига талаб юқори эканини кўрсатмоқда.

Бугунги кунга қадар 24 миллион долларлик замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилган. Мавжуд кластерни кенгайтириш учун яна 70 миллион доллар йўналтириш таклиф қилинган. Қўшимча маблағлар манбалари, зарур ускуналарни олиб келиш муддатлари ҳамда Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дата-марказлар лойиҳалари бўйича ахборот берилган.

Сунъий интеллект ечимларининг самарадорлиги сифатли маълумотлар базасига бевосита боғлиқлиги таъкидланган. Шу боис, вазирлик ва идоралардаги мавжуд маълумотларни хатловдан ўтказиш, уларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, соҳалар кесимида сифатли маълумотлар тўпламларини шакллантириш вазифаси қўйилган.

Жорий йилнинг ўзида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект асосида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини 100 тадан ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, ҳуқуқий хизматлар, жамоат хавфсизлиги, экология ва геология йўналишларида ишлаб чиқилаётган ечимлар тақдим қилинган.

Бу борада IT-Park резидентлари, стартаплар ва 20 дан ортиқ сунъий интеллект лабораториялари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилган. Жорий йилда ушбу йўналишда фаолият юритаётган резидентлар сонини 300 тага, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 2 триллион сўмга, экспортни эса 160 миллион долларга етказиш кутилмоқда.

Кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунга қадар 1,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи сунъий интеллект бўйича махсус сертификат олган. Шунингдек, 900 нафар раҳбар, 3 мингдан зиёд давлат хизматчиси, 1 минг нафар банк ходими ва 200 нафар маслаҳатчи махсус курсларда ўқитилган.

Келгуси икки йилда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш, ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва кенг аҳоли қатламлари учун замонавий ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Нукус, Самарқанд, Термиз, Бухоро, Фарғона, Андижон, Гулистон ва Жиззах шаҳарларида соҳавий хакатон ва танловлар ўтказилган. “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап” танловига старт берилган. Бундай хакатонларни барча ҳудудларда ташкил этиш топширилган.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари фаолияти ҳам муҳокама қилинган. 500 нафар номзод орасидан 222 нафар маслаҳатчи саралаб олинган. Ушбу лавозимларга хорижда таълим олган ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган ёш мутахассисларни кенг жалб қилиш, уларнинг ишини аниқ натижа ва самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш зарурлиги таъкидланган.

Маслаҳатчилар фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари ва ташаббусларини мониторинг қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашга мўлжалланган алоҳида рақамли платформани ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Тақдимотда сунъий интеллект соҳасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилган. Маълумки, Ўзбекистон яқинда WAICO – Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилоти ташкилотига таъсисчи давлатлардан бири сифатида аъзо бўлган.

Энди мазкур ташкилотда иштирок этиш орқали илғор технологиялар, катта тил моделлари ва рақамли трансформация ечимларини мамлакатда жорий этиш, хорижий технологик компаниялар ва илмий муассасалар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш зарурлиги қайд этилган.

Президент мутасаддиларга ҳисоблаш қувватларини изчил ошириш, соҳаларда амалий лойиҳаларни кўпайтириш, сифатли маълумотлар базасини яратиш, иқтидорли ёшлар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг