Ўзбекистонда рўйхатга олишдан кейинги аҳоли сони айтилди
Жамият
−
30 июн 12770 1 дақиқа
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 миллион нафардан ошди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси хабар берди.
Айни вақтда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Матбуот анжуманида маълум қилинишича, рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 047 321 нафарни ташкил этган.
“Жорий статистик ҳисоб-китоблар бўйича ушбу кўрсаткич 38 236 704 нафар эди. Фарқ 810,6 минг нафарни ташкил қилди”, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, аҳоли сони 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан 2 баробарга ошгани маълум қилинган.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, умумий аҳолининг 97,3 фоизи рўйхатга олинган. Аҳолининг 2,7 фоизи эса турли сабабларга кўра рўйхатга олиш жараёнларида иштирок этмаган.
Таъкидланишича, мазкур кўрсаткич халқаро меъёрлар бўйича нормал ҳолат ҳисобланади. Айрим давлатлар тажрибасида рўйхатга олиш жараёнида қамраб олинмаган аҳоли улуши 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолатлар ҳам кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳолиси энг кўп бўлган туман ва шаҳарлар рейтинги эълон қилинган эди.
Live
Барчаси