Ўзбекистонда помидорнинг янги нави ихтиро қилинди
Технология
−
14 Май 2022
20463Ўзбекистонда очиқ майдон ва иссиқхонада етиштиришга мос помидор нави ихтиро қилинди. Ушбу навга “Универсал” номи берилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Янги нав Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селеционер олимлари қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Екатерина Лян, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Рустам Низомов, Шермуҳаммад Аминов ва Жамил Тўраевнинг ўн йиллик меҳнати натижасида ихтиро қилинган.
Янги нав ўртапишар бўлиб, ўсув даври 120-122 кунни ташкил этади. Асосий поясининг узунлиги иссиқхонада 2,0-2,5 метр, очиқ майдонда 1,5-1,8 метргача етади, шохланиши ва баргланиши эса ўртача. Барги оддий, тўқ яшил, ўртача бурмали. Биринчи тўпгули 8-9 буғинларда жойлашган. Меваси ясси юмалоқсимон, юзаси силлиқ, қизил. Помидор вазни 100-120 г, мева асоси кичик чуқурчали. Уруғхонаси 4-5 та. Дегустацион баҳоси 4,9 баллдан иборат.
Таркибида қуруқ модда миқдори 4,8 фоиз, умумий қанд 4,2 фоиз, аскорбин кислотаси 24,2 фоиз. Ҳосилдорлиги: иссиқхонада 15-18 кг/м2; очиқ майдонда 38-42 т/га ни ташкил этган. Бу кўрсаткич бошқа навлардан 15-20 фоиз юқори дегани.
Помидорнинг “Универсал” навини республикада кенг жорий этиш, бирламчи уруғчилигини ўрнатилган тартибда ташкил этиш учун нав хужжатлар расмийлаштирилиб, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига Давлат реестирига киритиш учун ва Интеллектуал мулк агентлигига патентлаш учун тақдим этилган.
LiveБарчаси