Ўзбекистонда пиёз экспорти вақтинча чекланди
Жамият
−
20 Январь 2023
10092Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб 4 ой муддатга пиёз экспорти вақтинча чекланади.
Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротехнологиялар бош бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Аномал совуқ натижасида деҳқон бозорларидаги айрим очиқ расталарда сақланган пиёз маҳсулотлари музлаб қолган ҳамда ноқулай об-ҳаво шароити сабаб таклиф яъни, бозорга маҳсулотни олиб келиш хажми пасайган.
Мамлакатимизда, ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатилган", деди Зафар Ортиқов.
Шунингдек, бугунги кунда ҳудудларда жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги тасдиқланиб, жойларда пиёз захираси мавжудлиги айтилган.
Лекин мутахассисларнинг таҳлиллари аҳоли истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча равишда 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда.
Мамлакатда пиёз маҳсулотининг танқислиги кузатилмаслиги учун эса ушбу маҳсулотни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Давлат статистика қўмитасининг жорий йил 11 январь ҳолатига кўра эълон қилган ахборотида 1 кг пиёзнинг минимал-максимал нархлари Ўзбекистон бозорларида 3500 – 7000 сўм атрофида экани ёзилган эди.
Бироқ ижтимоий тармоқларда пиёз нархи кескин ошиб, 8000-10000 сўм атрофида сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
2022 йилнинг 11 январь ҳолатига кўра, 1 кг пиёзнинг Республика бозорларидаги ўртача нархи 1500 – 4000 сўмни ташкил қилган.
2020 йилнинг март ойидаги таҳлиллар давомида эса Урганчдаги деҳқон бозорларидан бирида 4300 сўм сотилган пиёз Республикадаги энг қиммат нарх экани аниқланган.
LiveБарчаси