Ўзбекистонда пенсия ёши ўзгардими?
Жамият
−
23 Март 2019
104438Бугун, 23 март куни баъзи ОАВда Ўзбекистонда пенсия ёши оширилгани ҳақида нотўғри маълумотлар тарқалди. Хабарларда, эндиликда Ўзбекистонда эркаклар 65 ёшдан, аёллар 60 ёшдан нафақага чиқиши белгилангани айтилди.
Аҳамиятлиси, пенсия ёши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18 мартдаги қарори билан ўзгартирилгани таъкидланган.
Бироқ Ўзбекистонда пенсия ёшини ўзгартиришга Ҳукуматнинг ваколати йўқ. Бундай ваколат Қонун чиқарувчи органга берилган. Яъни пенсия ёши қонун билан ўзгартирилади.
Ўзбекистонда пенсия ёши ўзгармади. Амалдаги қонунчиликка кўра, эркаклар 60 ёшдан, аёллар 55 ёшдан пенсияга чиқиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 18 мартдаги қарори билан айрим ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилганди, холос. Ўзгартиришлар асосан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш қаратилганди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда тегишли иш стажига эга бўлмаган болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга улар 55 ёшга етганларида ижтимоий нафақа тайинланади.
Демак, пенсияга стажи етмайдиган аёллар илгари 60 ёшдан нафақа олган бўлса, ногирон фарзанди бор оналарга енгиллик берилиб, стажи бўлмаса ҳам, улар 5 йил олдин, 55 ёшдан нафақа оладиган бўлди.
Давлат пенсияси тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ёшга доир нафақа тўланади. Бундай нафақа эркакларга - 65 ёшга етганларида, аёлларга - 60 ёшга етганларида тайинланади.