Ўзбекистонда педофилия жиноятлари динамикаси ошиб кетаётгани йўқ – Сурайё Раҳмонова
Интервью
−
03 Январь
9355Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ва жинсий жиноятларни содир этганларга суд ҳукми билан қандай жазо тайинланган бўлса, улар шунча муддат жазосини ўтайди, енгиллаштирувчи нормалар қўлланилмайди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сурайё Раҳмонова QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди.
Суҳбатда сўнгги вақтларда мамлакатда педофиллар масаласи энг йирик муаммо бўлиб қолаётгани, болаларга нисбатан номусга тегиш каби жиноятлар ортиб бораётганига тўхталинди. Раҳмонованинг билдиришича, болаларга нисбатан содир этилаётган бу турдаги жиноятлар у қадар кўп эмас, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган шов-шувлар одамларда бундай жиноятлар кўпайиб кетгани ҳақида хулоса уйғотяпти, холос.
“Педофилия – болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва жинсий жиноятларнинг содир этилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун глобал муаммо. Сиз айтганингиздек, Ўзбекистонда бундай жиноятлар динамикаси ниҳоятда ошиб кетмаяти. Бугунги очиқликнинг, ижтимоий тармоқларда бонг уришнинг, умуман, ҳар бир ҳолат катта резонансга сабаб бўлаётганини ҳисобга олсак, бунинг [педофилия] таъсири катта жамиятга. Бу табиий, албатта. Чунки бугунги кунда бундай ҳолатларга йўл қўйилаётгани, шу турдаги жиноятларнинг содир этилаётгани ҳар бир ота-она, ҳар қандай инсоннинг юрагини ларзага солади, жумбушга келтиради”, дейди омбудсман.
Сўнгги вақтларда болаларга нисбатан содир этилаётган жинсий жиноятларга нисбатан жамоатчилик энг оғир жазони бериш керак, деган фикрни илгари сурмоқда. Омбудсманнинг фикрича, шундоқ ҳам педофилларга берилаётган жазоларда имтиёзлар бўлмайди ва бу борада Ўзбекистон керакли қадамни ташлаган.
“Жазо масаласига келсак, Ўзбекистон айнан болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг содир этилишига қонуний даражада катта муросасизлик кўрсатди. Бу масалада Марказий Осиёда етакчимиз. Болаларга нисбатан содир этилган ҳар қандай жинсий зўравонлик – нафақат унинг номусига тегиш ёки зўравонлик қилиш, балки унга тегажоғлик қилиш, боланинг одоб-ахлоқига таъсир қиладиган шаҳвоний шилқимлик ва бошқа кўринишдаги – жинсий контекстга тегишли бўлган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят бугунги кунда ниҳоятда қаттиқ жазоланади. Ва буни содир этган шахсга нисбатан бирорта енгиллаштирувчи норма қўлланилмайди, яъни суд томонидан унга чиқарилган ҳукм шартли ҳукмга, жазо енгилроқ жазога алмаштирилмайди. 10 йилга ҳукм қилинган бўлса, 10 йил давомида биринчи кундан охирги кунигача белгиланган тартибда жазосини ўтайди. Бу ҳам ниҳоятда катта қадам ва қонуний чора сифатида жуда муҳим”, дейди Раҳмонова.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 23 март куни Президент Шавкат Мирзиёев “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонунга кўра, 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган ёки бўлмаганлигидан қатъи назар, жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо, яъни 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Олдинги қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахснинг розилиги билан жинсий алоқага киришган айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганлигини баҳона қилиб, жавобгарликдан озод бўлиб қолиш имкониятига эга эди. Янги қонунда бундай шахсларнинг жавобгарлигининг муқаррарлиги таъминланиб, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билган билмаганлигидан қатъи назар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади.
Бу турдаги жиноятларнинг ижтимоий хавфсизлик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кирувчи қилмишлар унча оғир бўлмаган жиноятларга, унча оғир бўлмаганлари эса оғир жиноятлар туркумига киритилди.
Ўз яқинлари, ёши кичик ёки ногиронларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг тажовузкордан ҳимояланиш имконияти чекланганлиги сабабли алоҳида хавфлилик даражасига эга.
Аммо қонунчилик бундай қилмишларни алоҳида оғирроқ жазони назарда тутувчи модда билан малакалаш учун етарли имкониятларга эга эмас эди.
Янги қонун билан шахс нафақат амалдаги турмуш ўртоғи ёки яқин қариндошига, балки собиқ турмуш ўртоғига, бир рўзғор асосида бирга яшаётган ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга, ногиронга ёхуд ўзига ўқитиш ёки тарбиялаш учун топширилган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик қиладиган бўлса, унга оғирроқ жазо, яъни илгаригидек 3 йилдан 7 йилгача эмас, балки 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланди.
Энг муҳим томони, болаларнинг жинсий эркинликларига қарши содир этилган жиноятлар тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларга тенглаштирилиб, уларни содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.
Болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда.
LiveБарчаси