Қашқадарёда Болалар омбудсмани вояга етмаган қизнинг тўйини тўхтатди
Жамият
−
23 Декабрь 2023
16013Бугун, 23 декабрь куни Қашқадарё вилояти Косон туманида 17 ёшли қизнинг тўйи белгилангани аниқланиб, тўй ва унга боғлиқ барча маросимлар тўхтатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсманининг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Билдирилишича, ФҲДЁ томонидан қайд этилган никоҳ гувоҳномаси бўлмай шаръий никоҳ ўқиган диний вакил жавобгарликка тортилган. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом этиши таъкидланган.
Бундан ташқари, Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова эрта никоҳлар ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан унаштирув маросимларини ўтказилиши каби салбий ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Касби ва Косон туманларида ўрганишлар ўтказган. У иштирокида ўтказилган йиғилишларда эрта никоҳ ҳолатларини олдини олиш ва бу борада масъуллар олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилган.
Шунингдек, Болалар омбудсмани шу кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган вояга етмаган қизларнинг турмушга берилгани ҳақидаги хабарларни ҳам ўрганган. Ҳолатлар таҳлил қилинган.
Ташкил қилинган учрашувларда фарзандларини эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар ҳам чақиртирилиб, уларга эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тушунтирилган.
“Бу ҳолатларга йўл қўйган ота-оналар Маъмурий ва Жиноят кодекслари билан белгиланган жавобгарликка тортилиши эслатилди. Болалар омбудсмани унаштирув маросими ўтказилган деб ижтимоий тармоқларда хабар тарқаган ҳар бир қиз билан учрашиб, улар билан алоҳида холи суҳбат ўтказди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчисининг унаштирилаётгани ҳақида видео тарқалганди. Ҳолат ўрганилганда қизнинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ташкиллаштирилган маросим эканини билдирган. Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси эса видеода тасвирланган ҳолат қизнинг туғилган куни бўлмаганини таъкидлаганди. Яна бир ҳолатда Косондаги мактабнинг 8-синфларидан 9 нафари аллақачон оилали бўлгани, мактаб директори ҳам ёш қизни келин қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси буни рад этди.
LiveБарчаси