Қашқадарёда 7-синф ўқувчиси унаштирилгани айтилди
Жамият
−
19 Декабрь 2023
16902Олдинроқ, ижтимоий тармоқларда 7-синф ўқувчисининг унаштирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатга Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Аниқланишича, ҳолат Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида бўлиб, масъуллар томонидан жойига бориб ўрганиш ўтказилганда, қизнинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ташкиллаштирилган маросим эканини билдирган.
Шунга қарамай, қизнинг ота-онаси турмушга чиқишга мажбурлаш учун жиноий жавобгарлик мавжуд эканлиги тўғрисида огоҳлантирилган. Шунингдек, ота-она ўз тушунтиришида видеодаги ҳолат тўй ёки унаштирув маросими эмаслиги ва қизини эрта турмушга бериш нияти йўқлиги, унинг таълим олиб, шифокор бўлишини орзу қилишларини айтиб ўтган.
Шу билан бирга, республиканинг бу ҳудудида қизларни унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одатлари қисман бўлса-да сақланиб келинаётганини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ўз назоратини давом эттиришини билдирди.
“Жумладан, бу оилада боланинг жисмонан ва маънан соғлом муҳитда парвариш қилиниши, унинг таълим олиш ҳуқуқи ҳамда келгусида ўз ҳаёти билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи таъминланиши кузатиб борилади. Болалар омбудсмани қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига мутлақо муросасиз бўлиб, шундай фикрда бўлган ота-оналарни никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш учун қонунан жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантиради”, дейилади ушбу муносабатда.
LiveБарчаси