Ўзбекистонда нон нархи 1900 сўмга оширилди...ми? Бунинг ортида ким турибди?
Жамият
−
05 Ноябрь 2019
26127Ўзбекистонда “буханка” нон нархи яна кўтарилди. Ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан тарқатилаётган хабарларга қараганда, ҳудудларда нон 1600 сўмдан 1900 сўмгача нархда сотилмоқда.
QALAMPIR.UZ “Ўздонмаҳсулот” АК билан боғланди. Матбуот хизматининг маълум қилишича, айни вақтда “Ўздонмаҳсулот” АК Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга нон етказиб бериш учун масъул бўлиб, компанияга қарашли 109 та нон цехида ишлаб чиқарилаётган “буханка” нон нархи улгуржи савдода 1350 сўмдан бошлаб сотилмоқда. Дўконлардаги чакана нарх эса 1400-1500 атрофида. Пойтахт Тошкентда нон ишлаб чиқариш ва етказиб бериш “Тошкентнон” НИЧУ гарданида бўлиб QALAMPIR.UZ мухбири уюшма расмийлари билан боғланди.
Айни вақтда уюшмага 60 та цех аъзо бўлиб, уларда ишлаб чиқарилаётган “буханка” нонлари фақат Тошкент шаҳри ҳудудига етказиб берилади. Ноннинг улгуржи савдодаги нархи эса 1500 сўмни ташкил этмоқда.
Хўш, нега нон нархи айрим ҳудудларда 1600 сўмдан 1900 сўмгача кўтарилди?
Маълумки, ўтган ой Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, буғдой ва ун нархи либераллаштирилди. Бозорда ун ва нон нархи эркинлаштирилди. Бироқ, бу вазиятдан фойдаланиб қолувчилар учун қўл келиши керак, дегани эмас. QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, “буханка” ноннинг нархи 1650 сўмдан оширилишига асос йўқ. Ўзбекистондаги бугунги вазиятда бу нарх энг юқори қиймат бўлиши мумкин. Шунда ҳам 1650 сўмнинг ичида ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва чакана савдодаги фойда ҳисобга олинган.
Буғдой ва ун нархи либераллаштирилгани билан, “ҳа, баракалла” деб нон нархини оширавериш ярамайди. Буни назорат қилиб бориш эса Монополияга қарши курашиш қўмитасининг вазифаси саналади.
Хўш, ундай бўлса нарх нега ошмоқда? Интернетдаги шов-шувларга асос борми?
Буғдой ва ун нархининг эркинлаштирилиши, биржа савдоларининг йўлга қўйилиши ва тадбиркорларга биржа орқали харид имкониятларининг кенгайтирилиши буғдой ва унни йиллар давомида бошқариб келган монополистларга маъқул келмагани, уларнинг роҳатини бузиб қўйгани ҳам бор гап. Шу боис ноннинг нархи асоссиз оширилиши билан боғлиқ шов-шувлар асоссиз тарқатилиши ҳам учраб турибди. Бироқ, давлат буғдой ва ун нархини эркинлаштириш, нонни эркин савдога чиқариш орқали назоратни тўлиқ қўлдан бой бергани йўқ. Буёғи буғдойни ўрувчи, унни ишлаб чиқарувчи, нонни қолипга солувчи билан сотувчининг инсофига қоляпти.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда нон нархи охирги бор жорий йилнинг 15 октябрь куни оширилган эди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг 1 тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1300 минг сўмдан улгуржи нархда сотилиши белгиланган. Шу кундан бошлаб нон нархи ўртача 1500 сўмни ташкил қилаётган эди.