Ўзбекистонда навбатдаги сайлов қачон ўтказилиши расман аниқ бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди.

Бугун, 20 сентябрдан Ўзбекистонда расман Сайлов кампаниясига старт берилди. 

Марказий сайлов комиссияси қарори билан 2019 йил 22 декабрь Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва вилоят, туман (шаҳар) кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгиланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова хабар бермоқда. 

Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Айни вақтда Халқмаро Матбуот марказида ўтаётган тадбирда тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайловлар кампанияси бошланаётгани таъкидланди. 

Бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий   кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар  – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.

Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи, шулардан икки миллондан зиёд ёшлар илк бор,  овоз беради. 

Мажлис ниҳоясида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси, сиёсий партияларнинг раҳбарлари Халқаро матбуот марказининг махсус безатилган залига таклиф этилди. Улар шаффоф тугмачаларни босиб, сайлов кампаниясига тантанали равишда старт берди. Улкан экранда “2019 йил, 22 декабрь. “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар!” тасвири пайдо бўлди. 

Сайлов кодексига биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши айтилмоқда. 

Вилоятларда ҳудудий бўлинмалари ҳам иш бошлаган Халқаро матбуот марказида Сайловчиларга тезкор ахборот бериш маркази (Call-center) фаолияти йўлга қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республика ҳудуди бўйлаб абонентлардан марказга чиқувчи бепул қўнғироқлар амалга ошириладиган кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоҳида алоқа линияси ажратади ҳамда унинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий сайлов комиссияси Сайлов 2019

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг