Ўзбекистонда наркожиноятлар 2 баравар кўпайди

3-саҳифа

image

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки баробарга, мусодара қилинган синтетик моддалар миқдори эса ўн баробарга ошган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Сарвар Ўрмонов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

“Фақатгина 2024 йилнинг ўзида ўн икки мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилди – бу ўтган йилга нисбатан чорак қисм кўп. Бунинг ортида нафақат жиноий тармоқлар фаоллигининг ўсиши, балки, наркотик моддалар савдоси тизимининг ўзгариши ҳам ётибди. Бугунги кунда савдолар тобора кўпроқ мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда амалга оширилмоқда. Курьерлар “закладкалар” координаталарини олишади, пуллар онлайн ўтказилади, аноним бўлиш эса кузатувни қийинлаштиради”, дейди мутахассис.

Ўзбекистонда 2020-2024 йилларда содир этилган наркожиноятлар сони

Маълум қилинишича, илгари асосан опиатлар ва анъанавий наркотик моддалар хавф туғдирган бўлса, бугун синтетик моддалар ва интернет орқали савдо каналлари биринчи ўринга чиқмоқда. Мефедрон, спайслар, А-ПВП ва яширин нарколабораторияда ишлаб чиқарилган бошқа синтетик наркотик моддаларнинг улуши тез суратда ўсиб бормоқда. Уларни ишлаб чиқариш арзонроқ, ташиш осонроқ ва таъсири кучлироқ. Айнан шу сабабли синтетик моддалар анъанавий опиатлар ва каннабисни сиқиб чиқармоқда.

Шу билан бирга, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланиши ҳам кучайган. Прегабалин, сибутрамин ва тропикамид каби фақат рецепт асосида сотилиши лозим бўлган дори воситалари қарамликнинг янги шаклига айланган. Фақат сўнгги уч йил ичида уларни мусодара қилиш миқдори бир неча баробарга ошган. Бу дориларнинг кўпи интернет ва дорихоналар орқали сотилиб келинмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Наманган ва Фарғона вилоятларида Қирғизистондан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келган шахслар қўлга тушганди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 246- (Контрабанда) ва 251-1-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон наркотик наркожиноятлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг