Ўзбекистонда наноаналитик лаборатория қуриш режалаштирилмоқда
Бизнес
−
16 Декабрь
2922“Ўзбекистон технологик металлар комбинати”да кўплаб инновацион лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ана шундай лойиҳалардан бири 2025 йилнинг охирида ишга туширилиши режалаштирилган Марказий наноаналитик лабораториядир.
Янги наноаналитик лаборатория нодир металлар соҳасида ишлов бериш жараёнларини янада чуқур ва аниқ таҳлил қилишга имкон яратади. Лаборатория маъдандан бошлаб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи нано ўлчамда таҳлил қилиш салоҳиятига эга бўлади. Бу эса саноатнинг барча соҳалари учун янги имкониятлар эшигини очади.
Лаборатория кунига 1000 та таҳлил ўтказиш имкониятига эга бўлиб, юқори самарадорлиги билан ҳам ажралиб туради. Бу эса нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам таҳлил хизматларини тақдим этиш имконини яратади. Шу орқали минтақадаги компаниялар ва ташкилотларга ўз фаолиятларини янада самарали юритиш учун зарур бўлган маълумотлар тақдим этилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллион евродан зиёд бўлиб, бу миқдор энг замонавий технологиялар ва барча турдаги тадқиқотларни амалга ошириш учун зарур бўлган воситаларни ўз ичига олади. “ЎзТМК” АЖ томонидан тақдим этилган лаборатория нафақат юқори сифатли таҳлилларни амалга ошириш имконини берадиган энг илғор ускуналар билан жиҳозланади, балки илмий-тадқиқот маркази ва ходимларни тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар ҳам яратади.
Хорижий экспертлар ва соҳа мутахассислари мазкур лойиҳани юқори баҳоламоқда. Ўзбекистон-Корея нодир металлар дастури раҳбари Ким Бум Сунгнинг фикрига кўра, лойиҳа, нодир металлар соҳаси ривожига катта ҳисса қўшади. Кореялик ҳамкорлар ўз тажрибаларидан фойдаланиб, лойиҳанинг амалга ошиши учун қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиришган.
“ЎзТМК” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Амир Абидовнинг айтишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа саноатни ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва илмий тадқиқотларни кучайтириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Эътиборлиси, ушбу лойиҳа Ўзбекистонни глобал саноат соҳасидаги етакчи давлатлар қаторига олиб чиқиш учун катта имконият яратади.
Мамлакатда технологик металлар саноатини ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” амалга ошираётган лойиҳалари нафақат мамлакат ички эҳтиёжларини қондириш, балки экспорт салоҳиятини оширишга ҳам қаратилган.
LiveБарчаси