Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бўладими? Пахта далаларини текшириш бўйича мониторинг ўтказилади
Жамият
−
19 Сентябрь 2019
6631Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шароит яратилишини назорат қилиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ўтказилган “2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ташкил қилиш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзуидаги брифингда маълум қилинди.
Брифингда жорий йилда ҳам мазкур мониторингни ўтказиш режалаштирилгани, у 25 сентябрдан 31 октябргача давом этиши ҳамда бу йилги Миллий мониторинг Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан ташкил этилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси билан ҳамкорликда ўтказилиши тўғрисида маълумот берилди.
Мониторингга тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи ва жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, шунингдек маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам жалб этилиши билдирилди.
Шунингдек Миллий мониторингда АҚШ, Европа давлатлари ва бир қатор халқаро касаба уюшмалари марказлари вакилларининг иштирок этиши ҳам кутилаётгани таъкидланди.
Мониторинг пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шароит яратилганини баҳолаш, пахта йиғим-терими ишларида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ташкил этиляпти.
Ўрганиш жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади. Бу ҳақда акт (далолатнома) тузилади ва меҳнат инспекциясига айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун юборилади.
Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган ҳолда ҳам зудлик билан акт (далолатнома) тузилади ҳамда меҳнат инспекцияси чақирилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, мазкур вазиятни ўрганиш учун ҳудудий “Қайта алоқа механизми” (МОС) вакилларига ҳам хабар берилади.
Эслатилишича, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга қаратилган Қайта алоқа механизми (МОС) Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган бўлиб, мавсум давомида узлуксиз равишда кеча-ю кундуз ишлайди, бунда 1092 қисқа рақамли “Ишонч телефонлари”, интернет сайтлар, телеграм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилади.
Миллий мониторинг даврида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади ва мониторинг якунлари декабрь ойида Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда ўтказиладиган давра суҳбатида батафсил эълон қилинади (Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги ва “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан келишилган “Мониторинг услубиёти” талабларига мувофиқ ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади).
Алоҳида таъкидланишича:
• корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларидан ҳеч кимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки интизомий жазо бериш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига жалб этиш мумкин эмас;
• ҳеч бир корхона, ташкилот, муассаса раҳбари ходимларни пахта йиғим-теримига юбориш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин эмас;
• меҳнаткашлар, тадбиркорлар, деҳқон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролардан пахта йиғим-терими учун пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланади;
• терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган терим пуллари ҳар беш кунда, теримчилар хоҳишига кўра зарурат туғилганда – ҳар куни тўланиши лозим.
• Бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчи ва талабаларни, умуман, фуқароларни пахта йиғим-терими ишларига мажбуран жалб қилиш ёки бундай ишларни бошқалар бажаргани учун пул йиғиш ҳолатлари рўй берганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки касаба уюшмаларининг 10-92 рақамли “Ишонч телефони”га хабар берилиши зарур.
Шунингдек, мажбурий меҳнат қалтисликларини келтириб чиқарувчи бошқа аломатлар, яъни фуқаронинг заифлигини суиистеъмол қилиш, алдов, ҳужжатларни олиб қўйиш, иш ҳақини тўламаслик, хавфли меҳнат шароитларида ишлатиш, иш вақти меъёрларига риоя қилмаслик каби ҳолатларда ҳам юқоридаги “Ишонч телефони”га мурожаат қилиш мумкин.