Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасига “иккинчи она тили” ибораси киритиладими? Вазирлик изоҳ берди
Жамият
−
15 Октябрь 2020
8317Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мактабгача таълим ташкилотларида рус тилининг “иккинчи она тили” сифатида ўргатилишига оид хабарлар тарқалмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди ва бу нотўғри талқинда эканлиги ҳамда ҳақиқатдан йироқлигини маълум қилди.
"Ўзбекистон мактабгача таълим соҳасига “иккинчи она тили” деган иборанинг қиритилиши ва унинг қўлланилиши режалаштирилмаган", дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, МТТлардаги таълим-тарбия жараёнида иккинчи тил ўрганилиши кўзда тутилган (тил билувчи ўқитувчининг борлиги инобатга олинган ҳолда). Ушбу иккинчи тил исталган тил, хусусан, рус тили ҳам бўлиши мумкин.
Шунингдек, ота-оналар истаги билан болалар таълим рус тилида олиб борилувчи ва рус тилида сўзлашувчи гуруҳларга ўтказилиши мумкин.
Таълим ўзбек тилида олиб борилувчи гуруҳларда, шунингдек, енгил, базавий кўринишда рус тилини ўрганиш, рус тилида сўзлашувчи гуруҳларда эса давлат тилини ўрганиш кўзда тутилган.Тил билувчи ўқитувчилар бўлса – инглиз, немис, корейс ва бошқа тиллар ҳам ўргатилиши мумкин.
"Айни дамда МТТларда иккинчи тилни ўргатишни йўлга қўйишда ҳал қилиниши муҳим бўлиб турган масалалардан бири – болаларни иккинчи тилга ўргатувчи мутахассисларни тайёрлашдир. Айнан шу боис, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан кадрлар тайёрлаш йўналишида тинимсиз иш олиб борилмоқда. Шу жумладан, таълимни рус ва инглиз тилларида олиб бора оладиган мутахассислар Тошкентдаги Пучон Университетининг филиали ҳамда очилиши 2021 йилда кутилаётган А.И. Герцен номидаги Россия педагогика университетининг филиалида тайёрланиши кўзда тутилган", дея маълумот берилган МТВ баёнотида.
LiveБарчаси