Ўзбекистонда “Маданий лойиҳалар миллий оператори” ташкил этилади
Жамият
−
22 июл 1235 2 дақиқа
Ўзбекистонда халқаро ва республика миқёсидаги маданий тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда соҳада замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш мақсадида “Маданий лойиҳалар миллий оператори” давлат муассасаси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 17 июль куни имзолаган “Маданий тадбирларнинг халқаро жозибадорлигини ошириш ва соҳага замонавий бошқарувни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 270-сонли қарорида сўз боради.
Унга кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Халқаро фестиваллар дирекцияси” давлат муассасаси негизида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (Жамғарма) ҳузурида “Маданий лойиҳалар миллий оператори” давлат муассасаси (Миллий оператор) ташкил этилади.
Миллий операторга халқаро ва республика миқёсидаги маданий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш доирасида қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади:
- жамоат тартибини таъминлаш, тез тиббий ёрдам ва йўл-патруль хизматларидан бепул фойдаланиш;
- Миллий оператор томонидан ўтказиладиган маданий тадбирлар доирасида Ўзбекистонга олиб кириладиган ускуналар, саҳна ва техник воситалар, реквизитлар, мусиқа асбоблари, LED-экранлар, дронлар ҳамда бошқа моддий қийматликларни 2030 йил 1 январгача божхона божидан озод этиш.
Шунингдек, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини келгуси йилдан бошлаб ҳар 2 йилда 1 маротаба ўтказилади. Миллий оператор мазкур фестивалга ташкилий-техник жиҳатдан тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ижрочи оператор этиб белгиланган.
Live
Барчаси