Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди
Жамият
−
29 Март 2021
58559Ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоров уйи олдида дўппослаб кетилди ва оғир тан жароҳати олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 28 март куни тахминан соат 22:45 ларда Миробод тумани Афросиёб кўчаси 21-уй олдида 3 нафар номаълум шахслар 1991 йилда туғилган Бозоров Миразиз Мирзажон ўғлини уриб, тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган. Олган тан жароҳатлари билан Миразиз Бозоров шифохонага ётқизилган.
Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, ушбу фуқарода бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Миразиз Бозоровга нисбатан тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш мақсадида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 март куни Миразиз Бозоров TikTok’даги саҳифаси орқали ЛГБТ ҳимоячиларига мурожаат билан чиқиб, ҳар жума Ҳазрати Имом мажмуаси жойлашган майдонда тўпланиш ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таклифини билдирган эди.
Кеча, 28 март куни соат 15:00 атрофида пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбони атрофида жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб юборилишига қарши жамоатчилик вакилларининг норозилик намойиши бўлиб ўтган эди. Тошкент шаҳар ИИББга кўра, 3-4 нафар фуқаролар Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган. Ушбу фуқароларга 20-25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этишган. Воқеа жойида хизмат қилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимларининг аралашуви билан Т.С. ва Б.Р. ҳимоя қилиниб, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўйилмаган. Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (“Безорилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга янги таҳрирдаги жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб ташлашни сўраб, мурожаат киритган эди. Айни вақтда мазкур масала сиёсат ва дин вакиллари, жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Депутат Расул Кушербоев биринчилардан бўлиб Human Rights Watch’нинг талабига қарши чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий эса QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонга йўллаган ушбу мурожаати ва талаби давлат ва халқ ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилганини урғулади.
LiveБарчаси