Ўзбекистонда кунига қанча одам коронавирусга чалинаётгани очиқланди
Саломатлик
−
01 Август 2023
32632Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 15 тадан 30 тагача коронавирус касаллигига чалиниш ҳолатлар қайд этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 август куни QALAMPIR.UZ’га Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда пaндемия бошланганидан бери ҳозирга қадар 1637 та ўлим ҳолати кузатилган.
“Январдан то шу бугунга қадар касаллик ўз меъёридан ошмаган. Ўртача ҳар куни 15-20 та, баъзи ҳолатларда эса 30 тагача қайд этиляпти. Буларда ҳам фақат енгил ҳолатда кечмоқда. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда коронавирусдан ҳалок бўлганларнинг умумий сони 1637 нафарда турибди. Ҳозирда ҳам коронавирус ёши катта, сурункали касаллиги бор, иккиламчи касаллиги билан курашиб келаётган шахсларга кўпроқ асоратини бермоқда”, дейди у.
Шунингдек, қўмита раиси ўринбосари ҳозирда коронавирусдан ўлим ҳолатлари кузатилаётгани, бу касаллик беморларда оғир кечаётгани ҳақидаги миш-мишлар нотўғри эканлигини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда коронавирус пандемияси яна бошланиши, аҳоли орасида бу касаллик кўпайгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Бунга жавобан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарор эканлигини айтган. Бироқ, коронавирус инфекцияси ва ўткир респиратор инфекциялари микс-инфекция касаллиги сифатида, айнан эмланмаган аҳоли ҳамда сурункали касалликлари мавжуд бўлган фуқароларда кузатилаётгани маълум қилинган эди.